Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида кўп квартирали уйлардаги хонадонларни сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш жараёни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "subsidiya.idm.uz" дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган ҳолда инсон омилисиз амалга оширилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромад оладиган фуқаролар, шунингдек, жорий йилда охирги бир йиллик, 2027 йилда охирги икки йиллик ва 2028 йилдан бошлаб охирги уч йиллик давр ичида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб йил якунига қадар илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг вақтинча бўш турган пул маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олинишини рағбатлантириш учун Ипотека дастури доирасида ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича мақсадли ипотека омонати амалиёти тажриба-синов тариқасида жорий этилади.
Тажриба-синов доирасида:
а) ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тўғрисида ижобий хабарномага эга фуқаролар ихтиёрий равишда хабарноманинг амал қилиш даврида тижорат банкининг жамғарма ҳисобварағида Ипотека дастури доирасида қайта молиялаштириладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланадиган дастлабки бадал суммасининг ўзига тегишли қисмидан кам бўлмаган миқдорда, сақлаш муддати 12 ойдан ортиқ бўлмаган ипотека омонатини тўлиқ шакллантиради;
б) ипотека омонатини шакллантирган фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар тижорат банкларининг буюртманомасига асосан ипотека омонати энг кам миқдорининг бир қисмини шакллантириш учун олдиндан ўтказиб берилади;
в) ипотека омонатидаги маблағлар кредитига нисбатан тижорат банки томонидан бозор ставкасида фоиз ҳисобланади ва омонат даврида жамғарилган барча маблағлар фоиз тўловлари билан биргаликда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадални шакллантириш учун мақсадли йўналтирилади;
г) омонат даври якунига қадар фуқаролар томонидан ипотека кредити орқали кўп квартирали уйлардаги хонадонлар сотиб олинмаган тақдирда, тижорат банки томонидан ипотека омонатида жамғарилган маблағлар уларнинг қолдиғига ҳисобланган ставкада йиллик фоиз тўловлари билан биргаликда мос равишда фуқароларга ва Давлат бюджетига қайтарилади;
д) ипотека кредити ажратилгандан сўнг тижорат банкларининг буюртманомасига асосан дастлабки 5 йил муддатгача ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлаш бошланади.
Фармон билан 2026 йил 1 июнга қадар мазкур Фармонда назарда тутилган тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишга оид низом тасдиқланди.
Ипотека кредити асосида сотиб олинган уйга фуқароларни ушбу уй эгаси аризаси ва гаровга олувчининг (банкнинг) розилиги асосида яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади.
ЎзА