Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 йил 1 апрелдан баъзи тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади
10:13 / 2025-12-12

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, қуйидагилар 2030 йилга қадар яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди: 

а) ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш; 

б) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш; 

в) иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳолининг жами иқтисодий фаол аҳолига нисбатан улушини 64 фоизга етказиш; 

г) Иқтисодий эркинлик индекси ва Коррупцияни идрок қилиш индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрни камида 30 поғонага кўтарилишига эришиш. 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади: 

а) давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар; 

б) электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно); 

в) алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;

г) транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш бўйича хизматлар; 

д) қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар (бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно); 

ж) кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш. Бунда: 

олди-сотди шартномалари бўйича сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китоблар банк ва нотариал органларнинг ахборот тизимлари ўртасидаги маълумот алмашинуви орқали амалга оширилади (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно); 

шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштириш учун тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари томонидан электрон ахборот алмашинуви воситасида тўловни тасдиқловчи маълумотлар асос бўлади. 

Марказий банк 2026 йил 1 январга қадар барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR кодни жорий қилади. 

2026 йил 1 январдан бошлаб барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади. 

2026 йил 1 июлдан бошлаб:

барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади; 

ягона QR кодлардан фойдаланилмаётганлиги савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

ЎзА