Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026 – 2030 йилларда қон билан ишлаш хизмати янада такомиллаштирилади
10:20 / 2026-01-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти “2026 – 2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Республикада қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг янада ортиб бораётгани сабабли қон билан ишлаш хизмати ташкилотларининг имкониятларини янада кенгайтириш, даволаш муассасаларининг қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлашни йўлга қўйиш мақсадида 2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари белгиланди. Улар: 

а) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида ҳар минг нафар аҳолига донациялар сонини 10 тадан 30 тагача ошириш; 

б) қон маҳсулотларига эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун қон топширишлар (донациялар) сонини 1 миллионтагача ошириш орқали тайёрланадиган қон захирасини амалдаги 150 минг литрдан 450 минг литрга етказиш; 

в) беғараз қон донорлари сонини 300 минг нафардан 900 минг нафаргача етказиш; 

г) "эҳтиёж - қайта ишлаш - етказиш" занжирида бизнес жараёнларни бошқариш тизимини жорий этиш; 

д) илғор халқаро тажрибага асосланган стандарт операцион жараёнлар, хавфсизлик баённомалари ҳамда скрининг усулларини амалиётга жорий этиш орқали қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш; 

ж) қон билан ишлаш хизмати ташкилотлари ходимларининг билимларини ошириш ва замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш; 

з) беғараз донорликни ривожлантириш, зарур қон захирасини шакллантириш учун тизим ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдан иборат. 

Қарор билан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизим йўлга қўйилади:

а) 2026 йил 1 октябрдан бошлаб: 

қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича барча техник ва тиббий жараёнларни тартибга солувчи стандарт операцион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари амалиётга жорий қилинади; 

"эҳтиёж - қайта ишлаш - етказиш" занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими жорий этилади. Бунда қон ва унинг таркибий қисмларига эҳтиёжни шакллантириш, тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, етказиш ва беморга қуйиш, таҳлил ва ҳисоботларни юритиш, сифат назоратини таъминлаш ва қон маҳсулоти муомаласини мониторинг қилиш инобатга олинади; 

б) 2027 йил 1 мартдан бошлаб "Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш" ахборот тизими жорий этилади; 

в) қон билан ишлаш хизмати ҳамда даволаш-профилактика ташкилотлари ўртасида ўзаро алоқалар йўлга қўйилади.

ЎзА