Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2026-2027 йилларда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди
10:45 / 2025-11-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2026-2027 йилларда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат: 

а) мамлакатда рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк объектлари сонини 100 мингтага, миллий брендларни тарғиб қилиш орқали рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткичлар сонини 40 тага етказиш; 

б) интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш орқали экспертиза муддатларини 2 баробарга қичқартириш, соҳадаги идоралараро ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш; 

в) патент вакиллари институтини кучайтириш орқали уларнинг сонини 400 тагача, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳамкорлигида хорижда малакасини оширган интеллектуал мулк соҳасидаги мутахассислар сонини 200 нафаргача ошириш.

Интеллектуал мулк соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда қуйидагилар асосида амалдаги тартиб-таомиллар такомиллаштирилади ҳамда янги хизматлар жорий қилинади: 

а) соҳада рақамли ва сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаган ҳолда тартиб-таомилларни соддалаштириш; 

б) фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини ҳуқуқий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш билан бирга амалга ошириш; 

в) давлат хизматларини кўрсатишда бюрократии тўсиқларга барҳам бериш, композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини кўпайтириш; 

г) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида мавжуд тартиб-таомилларни такомиллаштириб бориш, контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш жараёнига тадбиркорларни жалб этиш; 

д) интеллектуал мулк объектларининг фуқаролик муомаласида фаол айланишини таъминлашга кўмаклашиш. 

Адлия вазирлигининг "Саноат мулки муҳофазаси" ва "IP Protection" ахборот порталлари негизида "Интеллектуал мулк муҳофазаси" портали ишга туширилади. Унда: 

а) интеллектуал мулк масалаларига оид мурожаатларни қабул қилиш; 

б) сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича келиб тушган талабномаларни экспертизадан ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш; 

в) интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ шартномаларни онлайн тузиш; 

г) интеллектуал мулк масалаларига оид услубий тавсияларни жойлаштириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг саволларига реал вақт режимида (онлайн) жавоб бериш; 

д) контрафакт товарлар ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлиги учун фаолияти чекланган веб-сайтлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш мумкин бўлади. 

2026 йил 1 мартдан бошлаб: 

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан биологик фаол моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқариш учун рухсатнома бериш жараёнида интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилгани Интеллектуал мулк портали орқали мажбурий равишда текширилади ва (ёки) ўрганилади; 

б) Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликлар учун суд томонидан жарима, маъмурий ёхуд жиноий жавобгарлик чораларининг қўллангани рейтинг балларини камайтирувчи кўрсаткич ҳамда товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгиларига эга бўлиш қўшимча балл берувчи кўрсаткич ҳисобланади; 

в) интеллектуал мулк объектларига доир муҳофаза ҳужжатлари (гувоҳнома, патент) дубликатини тўлов асосида онлайн шаклда бериш тартиби жорий этилади. 

Интеллектуал мулк объектларини бошқариш мутахассислиги бўйича: 

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб - Ўзбекистон миллий университетида; 

2029/2030 ўқув йилига қадар камида тўртта олий таълим муассасасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. 

Тошкент давлат юридик университетида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича замонавий таълим дастурлари жорий этилади. 

ЎзА