Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йилнинг энг яхши нотариуси аниқланди
17:45 / 2025-12-05

Мана 6 йилдирки, Ўзбекистон Нотариал палатаси тизимида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида “Йилнинг энг яхши нотариуси” танлови ўтказилади.

Танлов нотариуслар  касбий маданияти ва билимини ошириш, байрам арафасида фаол ва билимли нотариусларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.

“Йилнинг энг яхши нотариуси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари жойларда жорий йилнинг 15 ноябридан 25 ноябргача ўтказилиб, республика босқичи иштирокчилари аниқлаб олинди.

Танлов иштирокчилари - нотариуслар томонидан якуний босқичнинг 1-шартига кўра танлов ҳайъатига уларнинг фаолияти ҳақидаги 3 дақиқали видеороликлар тақдим этилди.

Иккинчи шарти Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавоблар бўлиб, нотариусларнинг жавоб беришда ҳозиржавоблиги, жавобларнинг қисқа ва лўнда эканлигига эътибор қаратилди.  

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, нотариуслар ушбу танловга катта тайёргарлик, кўтаринки руҳ билан иштирок этдилар. Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳатамов, Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Фарингиз Юсупова, Палата раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг холис ва шаффоф олиб борилишига эътибор қаратдилар.

Мана кутилган дақиқалар ҳам етиб келди.  

Танлов иштирокчилари орасида билимли ва ҳозиржавоб иштирокчилар - Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Дурдона Тўраева 1-ўрин, Хоразм вилояти Боғот туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ғанишер Маҳмудов 2 ўрин, Андижон вилояти Андижон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Исроилжон Абдураҳмонов учинчи ўринга муносиб деб топилдилар. 1-2- ўринларга чет элга стажировкага йўлланма, 3- ўринга –телевизор тантанали топширилди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Палата раиси Дилшод Ашуров тадбирда сўзлаган кириш сўзида фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонун ва нормаларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган нотариусларни рағбатлантириб бориш, нотариат соҳасида Ўзбекистон амалиётини хорижга олиб чиқиш орқали мамлакат нуфузи яхшиланишига ҳисса қўшиш Палатанинг ўз олдига қўйган мақсадларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

ЎзА