Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг республика бюджетидан ажратилган маблағлардан фойдаланиш ҳамда ривожлантириш дастурлари мақсадли индикаторларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Вазирлик ахборотига кўра, ҳисобот даврида ажратилган маблағлар доирасида фойдали қазилмалар захира ва ресурсларини кўпайтириш бўйича муайян ишлар қилинган. Қўрғошин, рух, вольфрам, углеводородлар ресурслари, ерости сувлари захираларини кўпайтириш мақсадли кўрсаткичлари ҳам самарали бажарилган.

Геология-қидирув ишларини амалга ошириш орқали республиканинг минерал хомашё базасини барқарор ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва фойдали қазилмаларнинг янги конларини аниқлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2025 йилги Давлат дастури доирасида 33 та янги конлар очилган.

Муҳокамаларда айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, вазирлик учун белгиланган мақсадларнинг муддатидан кеч бажарилгани таъкидланди. Шунингдек, инвестиция дастурларининг ўзлаштирилиши кечикаётгани бўйича фикрлар билдирилиб, жорий йилда янада самарали фаолият олиб бориш, бюджет маблағларидан фойдаланиш натижадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Тадбирдан сўнг депутатлар “Ўзбекгидрогеология” Давлат муассасасининг Ер ости сувлари мониторинги Ситуацион маркази фаолияти билан танишди. Бу ерда марказ мутахассислари томонидан республика ҳудудидаги ер ости сув ҳавзаларида ўлчов ишлари рақамлаштирилган ҳолда онлайн тартибда олиб борилаётгани амалий тарзда намойиш этилди.
М.Комилова, ЎзА