Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йилга бориб, коврак экспорти ҳажми 1 миллиард 200 миллион АҚШ долларига етказилади
11:36 / 2021-08-13

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жўн саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов «Коврак плантацияларини яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги истиқболли лойиҳалар» мавзусида тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқот ўтказди.

Мулоқотда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 8 июлдаги «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жўнни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ковракчилик стратегияси ва концепциясига доир муҳокамалар  бўлди,истиқболдаги режалар хусусида фикр алмашилди.

Маълумки, коврак чўл яйлов ўсимлиги бўлиб, ундан фармацевтика, тиббиёт, озиқ - овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа бир қатор йўналишларда фойдаланилади. Коврак маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги йиллик айланмаси 17 миллиард долларни ташкил қилиб, асосий хом ашё етиштирувчи давлатлар Афғонистон ва Ўзбекистон Республикалари ҳисобланиб, бунда мамлакатимизнинг экспортдаги улуши ҳажми 6 миллион долларни ташкил қилади.

–Табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар захираларидан барқарор фойдаланиш, жумладан, коврак доривор ўсимликларининг плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш зарур, –дейди Баҳром Шарипов. – Чунки коврак плантацияларидан фойдаланиш бўйича  илмий асосланган тизимли ёндашувнинг йўқлиги, лозим агротехник тадбирлар тизимли равишда ўрганилмаганлиги боис, йил сайин плантациялар қисқариб, ўртача ҳосилдорлик камайиб бормоқда. Ҳозир давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида коврак доривор ўсимлиги майдонларини кенгайтириш, плантациялар ташкил қилиш ва уларни қайта ишлашни ривожлантиряпмиз. Хусусан, йилига камида минг гектар майдонда янги плантациялар ташкил қилиш ва мавжуд табиий ковракзорлар ҳолатини яхшилаш орқали хом ашё етиштириш ҳажмини 16 баробарга ошириш имкони мавжуд.

Шунингдек, мулоқот давомида мамлакатимизда 2022-2025 йилларда 7 та ковракчилик кластери ташкил қилиниб, 7 минг гектар ерга маданий ковракзор ташкил қилиниши айтиб ўтилди. 210 миллионта коврак кўчати етиштирилиб, маданий ковракзорлар яратувчи тадбиркорларга етказиб берилиб, 2025 йилга келиб экспорт миқдори 1 миллиард 200 миллион АҚШ долларига етказилиши ҳамда 42 минг доимий ва 35 минг мавсумий иш ўрни яратилиши таъкидланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА