Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йилдан халқаро кўргазмалар «Central Asian Expo Uzbekistan» халқаро кўргазма марказида ўтказилади
10:49 / 2024-08-21

«Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро кўргазмаларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланади. Кейинги пайтда ушбу тадбирларга маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда.

Шу сабабли, 2025 йилдан бошлаб «Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси ўз тадбирларини нафақат «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида, балки янги ва замонавий «Central Asian Expo Uzbekistan» халқаро кўргазма марказида ҳам ўтказишни режалаштирмоқда.  

«Iteca Exhibitions« халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоева бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:  

– Мамлакатимизда ишлаб чиқарувчиларга яратилаётган катта имкониятлар бунга асосий сабабдир. Бундай қулайликдан ишбилармонлар ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотларни экспортга йўналтириш ва шу мақсадда халқаро ҳамкорларни топишга ҳаракат қилмоқда.  

Пойтахтимизда ташкил этилаётган халқаро кўргазмалар ишбилармонларга ана шундай катта майдонни яратиб беряпти. Улар кўплаб давлатлардан келган хорижий ишлаб чиқарувчилар билан мулоқотга киришиб, ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Ўз навбатида, бундай танишув чет давлатларидан келганлар учун ҳам қулай фурсат яратмоқда.  

Бундай талаблар эса «Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг хорижлик ҳамда маҳаллий ҳамкорларига кўргазма майдонларини кенгайтириш вазифасини қўймоқда. Негаки, айрим соҳа иштирокчилари учун «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуидаги майдонлар етарли эмаслиги маълум бўляпти. Тошкентдаги «Central Asian Expo Uzbekistan» халқаро кўргазма маркази ана шундай бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.  

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Жаҳон кўргазма саноати уюшмаси (UFI), Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси (EuroUz) ва Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси (AmCham) мазкур компаниянинг амалий аъзоси ҳисобланади.  

1995 йилда биринчи B2B кўргазмасини ўтказган ушбу компания Ўзбекистонда кўргазма саноатини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилди. 29 йиллик тажрибага эга «Iteca Exhibitions» портфолиосида 20 та халқаро кўргазма ва 4 та анжуман мавжуд бўлиб, улар ҳар йили 57 мамлакатдан 4 мингдан ортиқ экспонат ва 3 минг 500 делегатни, шунингдек, 105 мингдан зиёд томошабинни жалб қилади.  

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши халқаро кўргазмаларда қатнашувчилар сонининг кўпайишига ёрдам берди. Таъкидлаганимиздек, компания йирик лойиҳаларни жойлаштириш учун кўргазма майдонларининг етишмаслигига дуч келди. Бу эса кўргазма тақвимининг ўзгаришига олиб келди. Масалан, «UzFood», «AgroWorld Uzbekistan», «MebelExpo Uzbekistan», «AquaTherm Tashkent» ва «TextileExpo Uzbekistan» кўргазмалари турли саналарда алоҳида тадбирлар сифатида ўтказила бошланди. Бу «Ўзэкспомарказ» кўргазмаларининг умумий жадвалига таъсир кўрсатди. Бироқ ушбу чора-тадбирлар фақат майдон етишмаслиги муаммосини вақтинча ҳал қилди.Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиётининг доимий ўсиши бошқа ташкилотчиларнинг кўргазма майдонларига бўлган талабини кучайтирди.  

Замонавий «Central Asian Expo Uzbekistan» халқаро кўргазма марказининг бунёд этилиши йирик кўргазмалар учун янги имкониятларни очди. Шу тариқа, 2025 йилдан янги жойда бир қатор кўргазма лойиҳаларини ўтказиш режалаштирилган. Унга кўра, «UzBuild», «BuildTech», «TIHE», «Uzbekistan Energy Week: OGU – Ўзбекистон нефть ва гази, «Power Uzbekistan», «CAITME» халқаро кўргазмалари мунтазам ушбу янги манзилда ташкил этилади.  

Айни кунларда компания ҳамкорлари билан галдаги, яъни «Марказий Осиё халқаро тўқимачилик машинасозлиги кўргазмаси – CAITME 2024» намойишига тараддуд кўрмоқда. Кўргазма шу йилнинг сентябрь ойида «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтади, – деди Нодира Ҳайитбоева.  

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева  

ёзиб олди.