Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Туризм объектлари ҳамда жойлаштириш воситаларида атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ва экологик талабларга мувофиқ кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ 2025 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида “Энг намунали яшил туризм объекти” танлови ўтказилади.
Танловни ўтказишнинг асосий мақсадлари:
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда унинг чиқиндилар билан ифлослантирилишининг олдини олиш;
туризм объектларида пластик маҳсулотлардан фойдаланишни ҳамда пластик чиқиндиларни камайтириш;
туризм объектларида бир марталик пластиклардан экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш;
экологик талаблар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги экологик мезонларга риоя этилишига эришиш;
туризм объектларида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган инновацион ечимлар ҳамда истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.
Қарор билан “Энг намунали яшил туризм объекти” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Танлов туризм объектларида бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш борасида яхши натижаларга эришган, шунингдек, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўз фаолиятида чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилади.
Танлов ҳудудий саралаш ва республика якуний босқичларидан иборат бўлади.
Танловни ўтказиш бўйича ҳудудий комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан, республика комиссияси таркиби эса Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири томонидан тасдиқланади.
Танловнинг республика якуний босқичи ғолиблари бир йўла тўланадиган қуйидаги миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланади:
1 – ўрин учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида;
2 – ўрин учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида;
3 – ўрин учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида.
ЎзА