Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг йирик чорвачилик хўжаликлари ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишловчилар билан ҳамкорликдаги фаолиятини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси Тошкент вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Депутатлар дастлаб Қибрай туманида бўлиб, чорвачиликка ихтисослашган субъектлар фаолияти билан танишди. Мулоқотлар чоғида наслчилик, паррандачилик комплекслари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, истиқболдаги вазифалар, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқ вакиллари Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ва бир қатор тадбиркорлик субъектларида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

Учрашувлар давомида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутасаддилари томонидан қайд этилганидек, 2025 йилда мамлакатимизда 3,2 млн. тонна гўшт, шундан 1 млн. тонна парранда гўшти, 13,2 млн. тонна сут, 10,5 млрд. дона тухум етиштирилган. Жумладан, Тошкент вилоятида 344,5 минг тонна гўшт, 1,2 млн. тонна сут, 1,9 млрд. дона тухум етиштирилган.
Шу билан бирга, парранда маҳсулотларини етиштириш бўйича “Агропарранда кластери” лойиҳаси доирасида Оҳангарон, Бекобод ва Ўртачирчиқ туманларида қуввати 2,5 млн. бош наслли парранда боқишга мўлжалланган наслчилик хўжалиги қурилиб, бир қисми ишга туширилган.

Ўрганишлар давомида вилоятдаги аҳоли хонадонлари ва чорвачилик хўжаликларидаги 270 минг бошдан ортиқ ҳайвонлар идентификация қилиниб, уларнинг электрон ҳисобини юритиш йўлга қўйилгани аниқланди.
Депутатлар соҳада белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, чорвачилик ва паррандачилик тармоқларида юқори қўшилган қиймат яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар берди.
М.Комилова, ЎзА