English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йилда мамлакатимизда 3 минг тонна яшил водород ишлаб чиқарилади
11:37 / 2023-11-29

АОКАда бўлиб ўтган брифингда "Ўзкимёсаноат" АЖ ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбеков “Яшил водород ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Айтиб ўтилганидек, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Чирчиқ шаҳрида “Яшил водородни ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур инвестицион лойиҳа қиймати 88 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Лойиҳа доирасида биринчи босқичда 2025 йилда республикамизда 3 минг тонна яшил водород ишлаб чиқарилади ва қуввати 52 МВт шамол трубинаси ишга туширилади.  

– Лойиҳани амалга оширишда Хитойнинг дунёда етакчи компанияларининг илғор технологияларини ҳамда тажрибаларини қўллаш, шу билан бирга, муқобил электр энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш натижасида, дунёда биринчилардан бўлиб яшил водороддан минерал ўғитларни ишлаб чиқаришга ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни дунё бозорларига йўналтиришга эришилади. Бугунги кунда Европа давлатларида яшил минерал ўғитларга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, уларни 15-20 фоиз қимматроқ сотиш мумкин.  

Бу каби замон талабларига мос келадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш Ўзбекистон кимё саноати экспорт географиясини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур лойиҳа мамлакатимизда “яшил энергетика”ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилишда муҳим қадамлардан биридир, – деди Р.Эшбеков.  

Брифингда ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсадларга ҳам тўхталиб ўтилди. Унга мувофиқ, мамлакатимизга кимё соҳасидаги энг охирги инновацион ва энерго-тежамкор технологияларни олиб кириш ва шу орқали кимё саноати соҳасини декарбонизация қилиш ҳамда яшил технологияларга ўтишда бу лойиҳа муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ўғит ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни қисқартириш ва ҳар йили қарийб 33 миллион метр куб табиий газни иқтисод қилиш ҳамда ушбу технологияларни амалда синаб кўрган ва уларни ишлата олиш кўникмасига эга бўлган мутахассислар базаси яратилади.  

Қайд этилганидек, ушбу лойиҳа экологик жиҳатдан жуда самарали бўлиб, яшил водород ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга зарарли ташланмалар чиқарилмайди. Бу саноатнинг табиатга салбий таъсирини камайтиришда айни муддаодир.  

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА