Фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, соҳада мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиш мақсадида Божхона қўмитасида очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашувда Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев, шунингдек, Марказий банк ва бошқа манфаатдор ташкилотлар масъуллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан фармацевтика соҳасини тартибга солиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлашга қаратилган барқарор ва шаффоф тизимни шакллантириш вазифаси доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида сўнгги йилларда бир қатор муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, 2024 йил 23 январда қабул қилинган тегишли фармонга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб дори воситаларини фақатгина “Зарур сақлаш амалиёти — GSP” талабларига жавоб берадиган божхона омборлари ва эркин омборларда сақлаш тартиби жорий этилади. Айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тизимидаги 63 та корхона томонидан олиб кирилган умумий қиймати 379 миллион долларга тенг дори воситалари ва тиббий ускуналар божхона омборларида сақланмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда фармацевтика маҳсулотлари ва тиббиёт буюмлари бўйича ташқи савдо айланмаси 2 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 18 фоизга ёки 300 миллион долларга ошган. Импортнинг асосий қисми Ҳиндистон, Россия, Хитой, Туркия ва Германия давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан дори воситаларини чет элдан олиб кириш ва божхонада расмийлаштириш жараёнлари, референт нархлар асосида божхона қийматини белгилаш, импорт қилинган дори воситаларини ички бозорда реализация қилишда солиқ ҳисоботларини юритиш ва солиқларни тўлаш, шартномалар тузиш ҳамда ташқи савдо шартномалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан ҳисоб-китоблар масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоларнинг аксарияти учрашувнинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди. Айрим масалалар бўйича эса Божхона қўмитаси ҳузурида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларни қонунчилик доирасида ҳал этиш ҳамда тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА