Бу ҳақида Божхона қўмитасида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда қайд этилди.
Тадбирда Божхона қўмитаси раиси, генерал-майор А.Мавлонов Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг мамлакатимиз Миллий армиясини мустаҳкамлаш, унинг моддий-техник базаси ва қўшинларнинг тайёргарлик даражасини яхшилаш бўйича олиб бораётган ислоҳотларини алоҳида эътироф этди. Ушбу ишлар халқимизда ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатларнинг ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Байрам доирасида Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган марҳум божхоначилар ҳам ёдга олинди. Уларнинг оила аъзоларига амалий ёрдам ва ғамхўрлик кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбирда айниқса, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини ва ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ҳамда маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йилда давлат бюджетига 76 трлн. сўмдан ортиқ маблағлар киритилди, 6 млрд. долларга яқин хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва 1,6 млрд. долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. Яширин иқтисодиётга қарши курашишда ҳам самарадорлик 44 фоизга оширилди, шунингдек, 3 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ва қимматли товарлар ушлаб қолинди.

Байрам муносабати билан Президент фармонлари асосида 2 нафар ходим юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, “Посбониман муқаддас юртнинг” танлови ва “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари эсдалик совғалар билан мукофотланди.
Тадбир якунида Божхона институти ансамбли томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Ш.Маматуропова, ЎзА