Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йилда биржа савдоларида 4 307,3 кг олтин ва 323,0 кг кумуш сотилди
08:30 / 2026-02-06

Мамлакатимизда очиқ ва шаффоф бозор муносабатларини ривожлантириш, товар ва хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда рақобат муҳитини кучайтиришда биржа савдолари муҳим ўрин тутади. Айниқса, рақамли технологияларни жорий этиш, савдо жараёнларини автоматлаштириш ва тадбиркорлар учун қулай механизмларни кенгайтириш бу соҳанинг изчил тараққиётига хизмат қилмоқда.

“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “UZEX фаолиятининг 2025 йил якунлари” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида  бу борада амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Бу ҳақда “ЎзРТХБ” АЖ матбуот котиби Ҳикматулло Тиллабоев қуйидагиларни таъкидлади:

– Шуни алоҳида айтиш керакки, 2025 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Ўтган йили “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га ошириб, компания халқаро рейтингини “B” даражасида тасдиқлади. Бу қарор биржанинг самарали корпоратив бошқаруви натижаси сифатида баҳоланмоқда. 

2025 йил якунларига кўра,  Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2024 йилга нисбатан 31 фоизга ўсди, шу жумладан,  биржа савдолари  24 фоизга, электрон давлат харидлари  46 фоизга, кўргазма-ярмарка савдоларим 9 фоизга ва телефон рақамларнинг сотув ҳажмлари 55 фоизга кўтарилди.

Биржа савдолари ва электрон тижорат тизимларида рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сони 30,1 мингтага кўпайди. Бунда биржа савдолари платформасида 4,7 мингта янги мижозлар, электрон тижорат ва давлат харидлари тизимларида эса 25,4 мингта янги иштирокчилар рўйхатдан ўтказилди.

Биржа савдолари бўйича тузилган энг йирик битимлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (37%), ёқилғи энергетика (25%), қора ва рангли металлар (23%), кимё ва нефткимё маҳсулотлари (11%) улушларига тўғри келди.

2025 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали 4 630,3 килограмм (ўсиш - 59%) қимматбаҳо металлар, шу жумладан, 4 307,3 кг олтин ва 323,0 кг кумуш сотилди. Кўриб чиқилаётган даврда 1 грамм олтин учун биржада шаклланган ўртача ҳафталик котировкаси 1 096,0 минг сўмдан 1 664,9 минг сўмгача, яъни 52 фоизга ўсди.

2025 йилда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида ўтказилган савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачилари томонидан тежалган маблағларнинг умумий ҳажми аввалги йилга нисбатан қарийб 26 фоизга ўсиб, 9,8 триллион сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, mobilraqam.uzex.uz савдо тизимида 7 мингдан зиёд телефон рақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилди. Сотилган рақамларнинг 96 фоиз жисмоний шахслар, 4 фоиз  юридик шахслар томонидан харид қилинган. Сотилган рақамларнинг энг паст баҳоси 31,5 минг сўмни, энг қиммат рақамнинг қиймати эса 800,0 млн сўмни ташкил қилди.

Мазкур кўрсаткичларга эришишда UZEX да жорий қилинган янги хизмат турлари ва савдо воситалари ҳамда савдо иштирокчилари учун яратилган қулайликлар ўз кўмагини берган.

Бундан ташқари,,  UZEX биржаси Фьючерс индустрияси уюшмаси (FIA) халқаро ташкилотига аъзо бўлиб, дериватив бозорлари ва клиринг тизимларини ривожлантириш йўлида янги имкониятларга эга бўлди. Шунингдек, CME Group, ICE, NASDAQ ва LME каби нуфузли халқаро биржалари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.

Қобулда Афғонистоннинг “Ghazanfar Bank” банки билан ҳамкорликда биржанинг савдо майдончаси очилди ҳамда унинг филиаллари Мозори-Шариф, Хайратон ва қўшни мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ўз фаолиятини бошлади. Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” эркин иқтисодий зонаси ва Хоразм вилоятининг “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасида биржанинг савдо майдончалари ҳам ишга туширилди.

Мухтасар айтганда, UZEX биржаси келгусида ҳам фақат савдо ҳажмларини ошириш билан чекланиб қолмай, мижозлар манфаатини устувор қўйган ҳолда илғор савдо воситалари ва сервисларни жорий этиб, бозор иштирокчилари учун янада қулай, шаффоф ва замонавий савдо экотизимини ривожлантиришни давом эттиради.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА