Сўнгги йилларда Ўзбекистон транспорт ва йўл инфратузилма соҳаларида жадал ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Аҳамиятли ўзгаришлар, хусусан, йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари кўлами ортиб бораётгани, бу борада давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги кенгайгани кузатилмоқда. Бу жараёнларда асосий қурилиш материалларидан бири асфальтга бўлган талабнинг кескин ошгани табиий ҳолат. Шу нуқтаи назардан қаралганда, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида асфальт ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ошгани иқтисодий ва инфратузилмавий ўсишнинг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмига қадар 760,3 минг тонна йўл қопламалари учун асфальтли аралашмалар ишлаб чиқарилган. Ушбу кўрсаткични йиллар кесимида солиштирадиган бўлсак, 2023 йилда 249,6 минг тонна, 2024 йилда эса 450,8 минг тонна асфальт аралашмалари ишлаб чиқарилган эди. 2025 йилда эса бу кўрсаткич рекорд даражага кўтарилди ва 2023 йилги ишлаб чиқариш ҳажмига қараганда 510,7 минг тонна, 2024 йил статистикасига қараганда 309,5 минг тонна ошиқ асфальт ишлаб чиқарилди.

Бундай юқори ўсиш давлатнинг транспорт инфратузилмасига ажратаётган маблағлари, йўл қурилишида замонавий технологиялардан фойдаланиш, ички бозордаги талабнинг ортиши асфальт ишлаб чиқариш саноатига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши саноатнинг замонавийлашаётганидан ва ички логистика тизимининг ривожланишидан далолат беради.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА