Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, 2025 йил давомида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан жами 14 трлн. 127,6 млрд. сўм маблағ тўлаб берилди. Ушбу маблағлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва муносиб турмуш даражасини таъминлашга қаратилди.
Жумладан, ажратилган маблағлар қуйидаги йўналишларга сарфланди. Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловлари учун — 4 трлн. 196 млрд. сўм, пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган фуқароларга ижтимоий нафақалар тўлови учун — 5 трлн. 305,4 млрд. сўм, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар нафақаси учун — 2 трлн. 35 млрд. сўм.
Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилларга нафақалар, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам тўловлари учун — 773,6 млрд. сўм, бир марталик суюнчи ҳамда дафн нафақалари учун — 496,4 млрд. сўм.
Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш даврида аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида компенсация ва бир марталик моддий ёрдам тўловлари учун — 1 трлн. 226 млрд. сўм, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш учун — 14,6 млрд. сўм, бошқа ижтимоий тўловлар учун — 80,6 млрд. сўм ажратилган.
Мазкур ижтимоий ёрдам маблағларининг манзилли ва самарали йўналтирилаётгани фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг барқарор даромад манбаи ҳамда муносиб турмуш даражасига эришишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу эса давлат томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли ва изчил асосда амалга оширилаётганини яққол тасдиқлайди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА