Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йилда 1,5 миллиондан ортиқ хонадон марказий иссиқлик тизимига уланди
11:04 / 2026-01-08

Иссиқлик таъминоти аҳоли ҳаёти ва ижтимоий инфратузилма учун стратегик аҳамиятга эга масалалардан бири ҳисобланади. Жорий йилда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат марказий тизимни модернизация қилиш, балки энергия самарадорлигини ошириш, хизматлар сифати ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган.

Марказий иссиқлик тизимида эришилган натижаларни кузатамиз.

2025 йилда республикада 1,5 миллиондан ортиқ хонадон марказий иссиқлик тизимига уланган. Улардан 37 фоизи хонадонлар. 2 минг 543 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланган. Бу кўрсаткичлар шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси учун барқарор хизматларни кафолатлайди ва иссиқлик таъминоти тармоқларининг самарадорлигини кўрсатади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган «Иссиқликтаъминоти» акциядорлик жамияти энергия самарадор технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган манбалардан кенг фойдаланиш ва илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш орқали республикада иссиқлик таъминоти тизимини замонавийлаштиришга эришмоқда. Устав капитали шакллантирилиб, хўжалик жамиятлари ва корхоналар масъулияти чекланган ташкилотлар сифатида қайта ташкил этилди. Бу эса соҳада молиявий барқарорлик ва самарали бошқарувни таъминлайди.

–2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида иссиқлик тизимини барқарор ишлатиш мақсадида 28 миллиард сўм маҳаллий бюджет ва 15,2 миллиард сўм корхоналар маблағлари ҳисобига қозонлар ва иссиқлик тармоқлари таъмирланди, – дейди «Иссиқликтаъминоти» акциядорлик жамияти раҳбари Илҳом Тўраев. – Шунингдек, захиралар яратилди: 8,4 км. иссиқлик тармоқлари, 411 задвижка, 35 дизел генератор, 3 379 кг. электрод ва 20 минг 500 тонна кўмир.

Бу тадбирлар аҳоли ва ижтимоий объектларни ҳар қандай ҳаво шароитида марказий иссиқлик билан таъминлашга хизмат қилади.

Эътиборлиси, тизимда инновацияларни жорий этиш ва халқаро тажрибалардан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Саудия Арабистони компанияси билан имзоланган 20,3 миллион долларлик когенерация маркази Нукус шаҳрида қурилади. Унинг қуввати 21,5 МВт электр ва 53 Гкал иссиқлик энергиясини ташкил этади.

Бу марказ орқали йилига ишлаб чиқариладиган энергия ҳисобига табиий газ сарфи камайтирилади ва иссиқхона газлари эмиссияси ҳам камайтирилади. Шу билан бирга, халқаро ҳамкор ташкилотлар билан қиймати 313,8 миллион долларлик 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 3 минг 44 та кўп квартирали уй ва 500 та ижтимоий объект марказий иссиқлик тизимига уланишини таъминлайди.

2025 йилда 157 км. иссиқлик тармоқлари ва 67 та қозонхона қурилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида эса 48 та қозон ва 68,1 км тармоқ қурилди. Бу ишлар натижасида 2 минг 853 та кўп квартирали уй ва 293 та ижтимоий объект иссиқлик таъминоти билан таъминланади.

2026 йилда 565,7 миллиард сўм маблағ ҳисобига 27 та қозонхона ва 328,7 км иссиқлик тармоқларини қуриш орқали 106 минг 710 хонадон марказий иссиқлик билан таъминланиши режалаштирилган. Бу эса аҳоли ҳаётида барқарорлик ва қулайликни янада мустаҳкамлайди.

2025 йилда иссиқлик таъминоти корхоналари 1,4 миллион Гкал энергия ишлаб чиқарди, 1 миллион Гкал эса сотиб олинди. Дебитор қарздорлик 65 миллиард сўмга камайди, кредитор қарздорлик эса 910,2 миллиард сўмга қисқарди. Бу молиявий самарадорлик, корхоналарнинг барқарор фаолияти ва хизматлар сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда иссиқлик таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат марказий тизимни модернизация қилиш, балки энергия самарадорлигини ошириш, экологияни муҳофаза қилиш ва аҳоли ҳаёти сифатини яхшилашга қаратилган.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА