Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 йил Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 145 миллиард долларни ташкил этди
12:18 / 2026-01-20

Божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда элчиларни Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов қутлаб, аввало, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ ва конструктив ташқи сиёсатнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда кўплаб давлатлар билан стратегик шериклик алоқаларининг янги босқичга кўтарилиши мамлакатнинг ташқи савдо айланмасининг сезиларли ўсишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 145 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилда ушбу кўрсаткичларни янада ошириш, бунинг учун эса ташқи савдо алоқаларини тизимли равишда ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Учрашув доирасида меҳмонларга Божхона расмийлаштируви, Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш маркази ҳамда Call-марказ фаолияти тақдим этилди. Шунингдек, тизимда жорий этилган замонавий рақамли ва интерактив божхона хизматлари билан яқиндан таништирилди.

Ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва Божхона қўмитаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, экспорт географиясини кенгайтириш, божхона статистикаси ва дастлабки маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, қатор давлатлар билан божхона иши ва кинология йўналишида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 17 декабрдаги PF–250-сон фармонига мувофиқ, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Туркия, Хитой Халқ Республикаси ва Бельгия Қироллигидаги элчихоналари штат жадвалларига қўшимча равишда божхона масалалари бўйича маслаҳатчи — Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг расмий вакили лавозими жорий этилиши қайд этилди.

Қайд этилишича, бундай учрашувлар Ўзбекистоннинг иқтисодий дипломатиясини ривожлантиришда, маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига чиқишидаги тўсиқларни бартараф этишда самарали мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Ш.Маматуропова,

ЎзА