2025 йил Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатида мазмунан муҳим босқич бўлди. Йил давомида савдо ҳажми сезиларли ўсди, инвестиция жараёни фаоллашди, халқаро майдонда ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди.
Бу омиллар ташқи иқтисодий алоқалар ривожига бевосита ижобий таъсир кўрсатди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, январь-ноябрь ойларида ташқи савдо айланмаси 72,8 миллиард долларга тенглашди. Экспорт ҳажми 30,9 миллиард долларга етган бўлса, импорт 41,9 миллиард долларни ташкил қилди. Экспорт ўсиши суръати йиллик ҳисобда 26 фоиздан зиёд. Импорт ҳажми нисбатан юқорилиги сабаб савдо мувозанати ҳамон манфий. Бу ҳолат, асосан, сармоявия лойиҳалар, ускуналар импорти ва ички бозор эҳтиёжи билан изоҳланади. (https://t.me/statistika_rasmiy/6931)
Ўтган йил ташқи савдо географиясида кескин ўзгариш кузатилмади. Анъанавий шерикларимиз ўз ўрнини сақлаб қолди. Январь-июль ойлари маълумотига кўра, савдо айланмасида энг кўп улуш Хитой (18,2 фоиз) ва Россия (16,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Корея Республикаси (2,2 фоиз) ҳам муҳим ҳамкорларимиз қаторида. Бу кўрсаткичлар мамлакатимиз ташқи иқтисодий алоқаларида ҳам қўшни давлатлар, ҳам йирик халқаро бозорлар билан барқарор алоқа сақланаётганини англатади. (https://stat.uz/img/news/press-reliz-tif-uz-lotin_p71906.pdf)
Инвестиция соҳасида ҳам 2025 йил фаол кечди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Invest.gov.uz” платформасида эълон қилинган маълумотга кўра, йил давомида ўзлаштирилган хорижий сармоя қиймати 43 миллиард доллардан ошган. Ушбу миқдорнинг асосий қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестицияга тегишли. (https://t.me/MIIT_Uz/16630)
Бу жараёнда Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2025) алоҳида ўрин тутди. Форум доирасида 30 миллиард доллардан зиёд қийматга эга инвестиция ва савдо келишувлари бўйича ҳужжатлар имзоланган. Айни кўрсаткичлар фақат ҳажм эмас, балки лойиҳаларнинг технологик мазмуни ва узоқ муддатли экани ҳам алоҳида аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
(https://gov.uz/oz/miit/news/view/60844)
Европа комиссияси хабарига кўра, 24 октябрь куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнида бозорга кириш масаласи бўйича музокарани якунлади. Бу воқеа мамлакатимизнинг халқаро савдо тизимига яқинлашуви йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди. Шу куни Брюсселда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) ҳам имзоланди. Мазкур ҳужжат савдо, инвестиция, барқарор ривожланиш каби қатор йўналишларда шерикликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди ва муносабатни узоқ муддатли ривожлантиришга хизмат қилади. (https://www.linkedin.com/feed/?highlightedUpdateType=SHARED_BY_YOUR_NETWORK&highlightedUpdateUrn=urn%3Ali%3Aactivity%3A7387465621875232768)
Апрель ойида Самарқандда ўтказилган биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ўтган йилнинг яна бир эътиборли воқеасидир. Анжуман доирасида ЕИ минтақамиз учун 12 миллиард еврога тенг “Global Gateway” инвестиция пакетини тақдим этди. Ушбу ташаббус транспорт йўлаклари, рақамли инфратузилма, энергетика ва муҳим хом ашё соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. (https://www.spot.uz/ru/2025/04/04/global-gateway/)
Умуман, 2025 йил ташқи иқтисодий алоқалар ривожида бир неча аниқ тенденцияни тасдиқлади. Энг муҳими, инвестиция оқими ва халқаро ҳуқуқий механизмлар республикамизнинг глобал иқтисодий майдонга интеграциясини чуқурлаштирмоқда. Айнан шу тенденциялар 2026 йил ҳам ташқи иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилайди. Мамлакатга сармоя жалб қилиш, юқори қўшимча қийматли экспорт кўламини кенгайтириш ва халқаро бозорда рақобатбардошликни ошириш кун тартибидаги долзарб масала бўлиб қолаверади.
Дилшод Ҳамза ўғли, ЎзА