Электротехника йўналиши саноатнинг энг мураккаб тармоқларидан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотни тез-тез янгилаб турилмаса, илм-фан ва амалиёт уйғун бўлмаса жаҳондаги ва атрофимиздаги давлатлар билан рақобатга киришиш жуда қийин. Шундай бўлсада сўнгги йилларда соҳада катта ўзгаришлар ва ўсиш кузатиляпти.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2023 йилда электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 23.8 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30.1 трлн сўмга етди. 2025 йил якунларига кўра эса ишлаб чиқариш ҳажми 35 трлн сўмга чиқди. Шу тариқа, уч йил давомида соҳа бўйича ўсиш суръати 1.5 баробар ёки 147 фоизни ташкил этди.
Ушбу рақамлар ортида албатта машаққатли меҳнат ва тармоқ ривожига қаратилган улкан эътибор ётади. Шу ва йил давомида қўлга киритилган натижалар хусусида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов билан суҳбатлашдик.
– 2025 йил электротехника саноати учун қандай келди? Ички ва жаҳон иқтисодий ўзгаришларининг соҳага таъсири бўлдими?
– 2025 йил электротехника саноати учун жуда муҳим ва айни пайтда синовларга бой йил бўлди. Жаҳон иқтисодиётида логистика занжирларидаги узилишлар, хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги, айниқса мис ва электрон компонентлар бозоридаги танқислик сақланиб қолди.
Шу билан бирга, айрим минтақаларда геосиёсий беқарорлик ҳам кузатилди. Шу шароитда Ўзбекистон электротехника саноати Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган аниқ саноат сиёсати, инвестициявий муҳитнинг яхшиланиши ва маҳаллийлаштириш дастурлари ҳисобига барқарор ўсишни сақлаб қолди.
Хусусан, 2023 йилда экспорт ҳажми1 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 1.3 млрд долларга, 2025 йилда эса 1.4 млрд долларга етди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилда 5 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Электродвигателлар, лифт ва эскалаторлар, саноат совутиш тизимлари, электрон платалар, қуёш панеллари, сув насослари ва иситиш ускуналари каби янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Бу эса импорт ҳажмини қисқартириш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
- Электротехника саноатида қайси йўналишларга кўпроқ инвестициялар киритилди?
- 2025 йилда соҳага жалб этилган инвестициялар ҳажми 213.1 миллион долларни ташкил этди. Шунинг 187.4 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Биринчи йирик йўналиш — мисни қайта ишлаш кластери. Ушбу лойиҳалар мис хомашёсини тайёр кабель маҳсулотлари, электр ўтказгичлар ва саноат компонентларига айлантиришга қаратилган.
Иккинчи муҳим йўналиш —маиший техника ва иситиш ускуналари ишлаб чиқариш. Бу лойиҳалар халқаро брендлар билан ҳамкорликда амалга оширилиб, энергия тежовчи ва замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаяпти.
- Йил давомида қанча янги корхона ишга тушди ва бандлик масаласида қандай натижаларга эришилди?
2025 йилда қиймати 655.8 миллион доллар бўлган 71 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилди. Улар Республика бўйлаб барча ҳудудларни қамраб олди. Натижада 5 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Агар охирги уч йилни олсак, 2023–2025 йилларда қарийб 200 га яқин лойиҳа амалга оширилиб, 12 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу электротехника саноатини аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим тармоққа айлантирди.
- 2026 йил учун қандай режалар белгиланган?
- 2026 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 50 трлн сўмга, экспортни қарийб 2 млрд долларга етказиш, инвестицияларни янада ошириш каби улкан режалар белгиланган. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, технологик янгиланишларни жорий этиш ва миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга алоҳида устувор аҳамият қаратилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/MC--bLxNxjE?si=15ANfoWReL8snE95" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА