Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб 15 та туман (шаҳар)ларда, 2026 йилнинг якунига қадар эса республиканинг барча ҳудудларида барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига, ушбу платформа амалиётга жорий этилгунга қадар эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимига уланади ҳамда “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон тиббий карта”, “Электрон рецепт” модуллари билан белгиланган маълумотлар реал вақт режимида алмашилиши лицензия талаблари ва шартларидан бири сифатида қабул қилинади, шунингдек, рецепт билан бериладиган дори воситаларини тайинлаш ва чакана реализация қилишда зарур маълумотларни интеграция асосида мажбурий тарзда “Электрон рецепт” модулига узатиш тартиби тажриба-синов лойиҳаси асосида жорий этилади.
Қарор билан Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
рецепт билан бериладиган дори воситаларини беморга электрон рецепт асосида тайинлаш;
электрон рецепт орқали тайинланган дори воситаларини расмийлаштириш;
электрон рецепт шакли ва ундаги маълумотларни “Электрон рецепт” модулига ўзатиш тартиби;
тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик тартиби белгилаб берилган.
2025 йил 10 декабрдан бошлаб:
Тошкент шаҳри ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган 15 та туман (шаҳар)лардаги барча тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини беморларга тайинлашда дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи бўйича (агар мавжуд бўлса) электрон рецепт расмийлаштирилади (алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақловчи дори воситалари ҳамда реимбурсация дастури билан боғлиқ жараёнлар бундан мустасно);
беморларга тайинланган дори воситалари тўғрисидаги маълумот (халқаро патентланмаган ёки оригинал дори номи, кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги) электрон рецептга бевосита шифокор томонидан киритилади ҳамда электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқланади; тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарнинг мавжуд ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига ва ахборот тизимига улаш ёки уларнинг сўровига асосан уларда вазирликнинг “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими модуллари бепул ўрнатилади;
тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимига уланиш учун зарур моддий-техник базага, барқарор Интернет ва электр тармоғига эга бўлишлари шарт.
Мазкур қарор билан:
Дори воситалари айланмасини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш учун “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимига интеграция асосида узатиладиган маълумотлар рўйхати;
Тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида электрон рецептни жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
ЎзА