Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбиралри тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб касбий таълим ташкилотларида ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари асосида ишлаб чиқариш амалиётининг:
ўқувчилар учун ишлаб чиқариш амалиёти ва диплом олди амалиёти ўрнига ягона ишлаб чиқариш амалиёти тизимини жорий этиш;
ишлаб чиқариш амалиётини ўтайдиган ўқувчиларга тегишли ташкилотлардаги малакали мутахассисларни “устоз” сифатида бириктириш;
ўқувчиларнинг амалиёт жараёнида эгалланган амалий кўникмаларини иш берувчилар билан биргаликда баҳолаш тизимини йўлга қўйишни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилади.
Қарор билан Касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдидланди.
Низомда:
амалиёт дастурларини тегишли тармоқ ва соҳа корхоналари (ташкилотлари) билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
амалиётни тегишли тармоқ ва соҳа корхоналарида (ташкилотларида) ташкил этиш;
касбий таълим ташкилотлари ва иш берувчиларнинг амалиётларни ташкил этиш бўйича вазифаларини белгилаш тартиби белгилаб берилган.
2025 йил 1 январдан бошлаб касбий таълим ташкилотларида ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини тегишли тармоқ ва соҳа корхоналарида (ташкилотларида) ташкил этиш тизими йўлга қўйилади, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш жараёнида ўқувчиларга корхоналардан (ташкилотлардан) тажрибали мутахассислар “устоз” сифатида бириктирилиши таъминланади.
Корхоналардан (ташкилотлардан) бириктирилган “устоз”лар учун ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Профессионал таълимни ривожлантириш институтида “Германия тажрибаси” асосида масофавий (онлайн) ўқув курслари ташкил этилади.
ЎзА