Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларда ижро интизомини ташкил этишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
а) қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг самарали механизмларини жорий қилиш;
б) ҳудудларда ислоҳотлар натижадорлигини ўрганиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларини сифатли ташкил этиш;
в) давлат органлари ва ташкилотларда ижрони ташкил этишда биринчи раҳбарларнинг масъулиятини ошириш;
г) Ҳукумат қарорлари ижросини ташкил этиш жараёнларини рақамлаштириш;
д) ижро интизомини назорат қилиш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш.
Президент қарори билан Ҳисоб палатасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
а) қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини ўрганиш билан бирга уларнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун самарадорлигини таҳлил қилиш;
б) ижро интизомини мустаҳкамлашга, мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига эришишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
в) ташаббускорларга қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг умумий ижроси ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ахборот-таҳлилий жиҳатдан доимий таъминлаб бориш;
д) Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида ҳудудларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўрганиб бориш бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этишга рухсат этилади.
Ишчи гуруҳининг асосий вазифалари:
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ташкил этишда тегишли давлат органлари ва ташкилотларга амалий кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганиш;
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда юзага келган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;
ҳар чорак якуни бўйича ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни тегишли давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалар алоҳида тузилма сифатида бевосита биринчи раҳбарлар бўйсунувига ўтказилади.
ЎзА