Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан эътиборан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:
ҳаво транспортида - 1000 АҚШ доллари;
темир йўл ва дарё транспортида - 500 АҚШ доллари;
автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали - 300 АҚШ доллари;
халқаро курьерлик жўнатмалари орқали - 200 АҚШ доллари;
халқаро почта жўнатмалари орқали - 100 АҚШ доллари.
Қарор билан:
Жисмоний шахслар томонидан республикага божсиз олиб кириладиган айрим товарларнинг миқдорий нормалари;
Жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларни республикадан божсиз олиб чиқишнинг миқдорий нормалари;
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда божхона қиймати ва миқдори алоҳида назорат қилинадиган товарлар рўйхати тасдиқланди.
Қарорга кўра:
а) темир йўл ва дарё транспортида ҳамда автомобиль ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларида товарларни олиб кираётган шахс хорижий давлатда икки календарь кундан, ҳаво транспортида уч календарь кундан кам муддат бўлганда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди, бунда ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ҳамда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади;
б) халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига олиб келинадиган товарларга нисбатан божсиз олиб киришнинг белгиланган нормалари бир календарь ой давомида қўлланади;
в) жисмоний шахслар томонидан қиймати 5 000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган товарлар божхона декларациясини тақдим этмаган ҳолда республикадан олиб чиқилиши мумкин, қонунчилик ҳужжатлари билан экспорт божхона божи ставкалари белгиланган товарлар бундан мустасно.
2025 йил 1 майдан эътиборан чет элдан республика ҳудудига қуруқ сут олиб киришга қўйилган чеклов бекор қилинади.
ЎзА