Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025 давомида Урганч туманида 40 нафар оғуфуруш судланган
06:40 / 2025-12-27

Маълумки, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга ҳилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар жамиятга таҳдид, қонун эса ҳимоя воситасидир.

Бу иллат кўпинча инсон ҳаётига сезилмасдан кириб келади, аммо унинг оқибатлари жуда оғир бўлади. Гиёҳвандлик фақат соғлиқ билан боғлиқ муаммо эмас, балки у инсоннинг фикрлаши, хулқи ва жамиятдаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Гиёҳвандликнинг жамиятга етказадиган салбий оқибатлари тўғрисида айтганда, у биринчи навбатда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг кўпайишига,оилаларда низолар ва ажралишлар сонининг ошишига, ёшлар орасида маънавий муҳитнинг заифлашуви ва давлат ва жамият учун иқтисодий зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.

Бундай маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласи билан шуғулланувчи кимсалар ўз манфаатлари йўлида ўзгалар ҳаётини сотишдан қайтмайдилар. Психотроп моддаларнинг ёшлар орасида тарқалиши эса миллатнинг эртанги кунини гаровга қўйиш билан баробар. Бу моддалар инсон иродасини фалажлайди, уни ўз нафсининг қулига айлантиради ва охир-оқибат жиноят кўчасига етаклайди.

Давлат ва қонун эса бундай таҳдидларга қарши асосий ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади. 

Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сотиб олиш, сотиш сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жинояти учун 22 нафар, тақиқланган экинларни етиштириш билан боғлиқ жинояти учун 4 нафар ҳамда ушбу воситаларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар билан боғлиқ жинояти учун 14 нафар шахсга нисбатан қонунда белгиланган жазо тайинланган.

Кўрилан жиноят ишлари бўйича жами 40,916 грамм гашиш, 9,7 грамм героин, 24,05 грамм марихуана, 258,86 грамм опий ва 4,36 грамм гиёҳванд, психотроп ёки кучли таъсир этувчи моддалар ашёий далил тариқасида суд ҳукми билан тегишли тартибда йўқ қилинган. 

Мисол учун, қарийб 74 ёшни қаршилаган М.Б. жорий йилда 4,68 грамм “опий” гиёвандлик воситасини 1.700.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотаётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган. Унинг ёни кўздан кечирилганида кийимининг чўнтагидан келгусида “пуллаш” мўлжалланган 102,53 грамм кўп миқдордаги яна шундай гиёвандлик воситаси топилган. Бундан ташқари, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида ётоқхонасидан икки дона бир литрлик ҳажмли шиша идишга алоҳида қадоқланган ҳолдаги жами 115,29 грамм “опий” гиёвандлик воситаси яшириб қўйилганлиги маълум бўлган. 

Олдин ҳам шу жиноят ишни содир этганлиги учун қамалиб чиққан М.Б.га бу сафар ҳам суд ҳукми ўқилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

—Бугунги шиддатли замонда инсоният тараққиёт билан бирга глобал хавфларга ҳам дуч келмоқда. Бу хавфлар ичида энг даҳшатлиси, миллат генофондини емирувчи, оилаларни барбод қилувчи иллат гиёҳвандликдир, —дейди Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси Иномжон Усманов. —Шу сабабдан, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар бўйича суд жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритишга ҳаракат қиламиз. Чунки, бундай материаллар, айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантиришга, уларни қонунга хилоф ҳаракатлардан тийилишга ундайди.

Дарҳақиқат, гиёҳвандлик балосидан қонун бизни ҳимоя қилади деганлар адашади. Бунда бизнинг вазифамиз шу қонунларга риоя қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдир. Зеро, гиёҳвандликка қарши энг кучли қалқон бу юксак маънавият ва мустаҳкам ирода бўлиб қолаверади.

Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири