Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, табиий ресурсларни оқилона қазиб олиш, сақлаш ва бошқаришда муҳим ўрин тутади.
Хусусан, сув ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бугунги кунда долзарб масалага айланган. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, илғор тажрибаларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шунга кўра, тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида сув ресурслари бўйича амалиёти менежери Уинстон Ю бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш ва уларни самарали бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Туркия каби мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибалари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув давомида Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда ер ости сувларидан фойдаланишни назорат қилиш, тежаш технологияларини жорий этиш ва 2025-2050 йилларга мўлжалланган Ер ости сувларини бошқариш ва муҳофаза қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, ушбу лойиҳаларни молиялаштириш ва грант маблағларини ажратиш масалалари бўйича ҳам томонлар ўртасида фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган масалалар юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА