Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2025-2027 йилларда пиёз ва сабзи маҳсулотлари етиштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди
10:18 / 2025-07-16

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Республикада пиёз ва сабзи маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, чуқур қайта ишлаш ва уларнинг экспорт ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, ҳудудларда пиёз ва сабзи маҳсулотлари етиштириш кўпайтирилади, уларни илғор хорижий тажриба асосида сақлаш, қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш оширилади. 

Қарор билан: 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча тоифа хўжаликларда 2025-2027 йилларда пиёз ва сабзи маҳсулотларини етиштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари; 

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи субъектлар томонидан маҳсулотларни сақлаш учун совиткичли омборхона, саралаш, қуритиш, қадоқлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаларини ташкил этишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда ушбу қарорда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш мақсадида совиткичли омборхона, қуритиш, саралаш, қадоқлаш, шок усулида музлатиш ва қайта ишлаш инфратузилмаларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширувчи ташаббускорларнинг номма-ном рўйхатини шакллантиради ҳамда мақсадли кўрсаткичлар бажарилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2025-2027 йилларда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида икки ой муддатда Савдо-саноат палатаси мутахассисларини жалб қилган ҳолда, туманларда пиёз ва сабзини саралаш, сақлаш, чуқур қайта ишлаш ва экспортга чиқариш билан шуғулланувчи кооперацияларнинг ташкил этилиши бўйича ўрганиш ишларини олиб боради ҳамда ўрганиш натижаларига кўра истиқболли ва натижага эришиш имконияти бўлган туманларга 2025 йил якунига қадар ушбу йўналишларда кооперациялар ташкил этишга кўмаклашади. 

Экспортга йўналтириладиган тез бузилувчи маҳсулотларни (асосан ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари) божхона постларида ҳаракатини тезлаштириш, шунингдек, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда Зомин тажрибаси асосида камида 100 гектар ер майдонида пиёз ва сабзининг ҳосилдор навлари экилиб, ресурс тежайдиган технологиялар, жумладан, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилади. 

Ушбу тажрибани кенг жорий этиш мақсадида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда илмий-амалий семинарлар ташкил этилади. 

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, истеъмол сифати юқори, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, пиёз ва сабзининг маҳаллий навларини яратиш ҳамда бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш муаммоларини ҳал этишга қаратилган мақсадли амалий тадқиқот ҳамда инновация лойиҳалари танлови ўтказилади. 

ЎзА