Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2024 йилда “Яшил макон” лойиҳаси харажатлари учун 100 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда
16:27 / 2023-11-06

Шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида экологик барқарорликка эришиш борасидаги ишлар доирасида атроф-муҳит мониторинги бўйича 697 та хўжалик юритувчи субъектнинг 4 минг 131 та манбаларида мониторинг ўтказилган. Натижада 114 та объектнинг 229 та манбасида атроф табиий муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилган.

Иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизгача қисқартириш мақсадида янги ишга туширилган 29 та корхонада самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида айтилди. Унда депутатлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.  

— Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 5,7 фоизни, хизматлар – 6,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик – 4,1 фоизни ташкил қилди, — деди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова. — Экологик барқарорликни таъминлаш, қулай атроф-муҳитни яратиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш мақсадида Осиё тараққиёт банки иштирокида “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида 300 та чиқинди ташувчи техника харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилган. Орол фожиасининг олдини олишга қаратилган ўрмон-мелиоратив тадбирларни жадаллаштириш мақсадида Орол денгизининг қуриган туби ва оролбўйи минтақасида бугунги кунгача жами 195 минг гектар, шундан Мўйноқ туманида 128 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Хоразм вилоятида 10 минг гектар ва Навоий вилоятида 17 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилган.  

Фракция аъзолари глобал иқлим ўзгаришлари шароитида минтақада юзага келаётган сув тақчиллигини юмшатиш мақсадида сув ресурсларини бошқаришни тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича вазифалар ижросини самарали ташкил этиш ҳамда бу борада назоратни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқларидан ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш, маиший чиқиндиларни йиғишни ва уларни қайта ишлаш борасида белгиланган кўрсаткичларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.  

Шунингдек, йиғилишда “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.  

Таъкидланганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги харажатларни молиялаштириш учун 100 миллиард сўм, суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш учун 40 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ушбу маблағлар экологик мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.    

Қизғин муҳокамалардан сўнг кўрилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА