2024 йилда мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро комплекс спорт тадбирлари тақдимот қилинди
Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2024 йил учун Республика календар режа лойиҳаси ҳамда Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими фаолияти бўйича тақдимотлар билан танишди.
Йиғилишда Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими фаолияти бўйича ўтган йилда қилинган ишлар таҳлил қилиниб, жорий йилда бўш иш ўринларини тажрибали мутахассислар билан тўлдириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, тақдимотда 2024 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтиши режалаштирилган халқаро комплекс спорт тадбирлари, мусобақалар ва федерацияларга имкониятларни яратиш бўйича амалга ошириладиган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди.
Тақдимот якунида ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икромов масъулларга керакли тавсия ҳамда кўрсатмалар берди. Масъуллар олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиши ва таништириб бориши ҳақида тўхталиб ўтилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА