Бугунги кунда дунё саҳнидаги мураккаб вазият, кутилмаган иқтисодий ва молиявий қийинчиликлар ҳар бир давлатнинг ўз иқтисодий-молиявий жараёнларини мустаҳкам йўлга қўйишини, пухта ва пишиқлик билан йўл тутишини тақозо этади. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган молия-бюджет сиёсати натижасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2024 йилда Давлат бюджетининг даромадлари 274,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошган. Ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 153,2 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 49 фоизи сарфланган.
Давлат бюджетининг 12 фоизи камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш учун сарфланган. Бу тадбирлар самараси ўлароқ, 720 мингга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилган.
Ушбу рақамлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил ва 2025 йил биринчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқар экан, асосий эътиборни партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий соҳа харажатларига қаратдилар.
Халқ вакиллари жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш, бу борадаги дастурларни молиялаштиришда янада аниқ механизимлар ишлаб чиқиш зарурлигини билдирдилар.
Шунингдек, давлат бюджети ижросини назорат қилиш, маблағлар натижадорлигига эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди. Айрим вазирлик ва идоралар томонидан маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмагани, самарасиз ишлатилаётгани ёхуд имтиёзлар ноўрин ажратилгани танқидий таҳлил этилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашда субсидия ажратиш муҳимлиги, аммо нотўғри ажратилган субсидиялар мавжудлиги айтилиб, бу каби ҳолатларни бартараф қилиш бўйича таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА