Юртимизда яшил ҳудудларни кўпайтириш, экологияни асраш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Биргина “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилда 226,4 млн. туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилган. Натижада республикадаги йирик туман ва шаҳарларнинг яшиллик даражаси 15,3 фоизга етган. Ҳудудларда 134 та “Яшил боғлар” барпо этилган.
Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари кўтарилишининг олдини олиш мақсадида 215 минг гектар “Яшил қопламалар”барпо этилган.
Юртимизнинг ўрмон билан қопланганлик даражаси 8,1 фоизга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,4 млн. гектарга етказилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши айтиб ўтилди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларнинг бажарилиш ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.
Ахборотда келтирилганидек, 140 та йирик саноат ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.
Бундан ташқари, 93 та саноат корхонасида локал оқова тозалаш иншоотлари қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш натижасида бузилган 2006 гектар ер майдонлари рекультивация қилинган. Республикамизда мавжуд маиший чиқинди полигонлари 17 фоизга қисқартирилган.
Депутатлар сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, туризмни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларда айрим камчиликлар учраётганлигини қайд этиб, уларни бартараф қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА