Муносабат
Бугунги ёш авлод – янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, келажак ва истиқболимиз пойдеворидир. Шу боис мамлакатимизда ёшлар салоҳиятини ошириш, таълим-тарбияси учун муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидан бошланиши глобаллашув жараёнида болалар тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёслигидан далолатдир. Хусусан, кўрилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилги 27 фоиздан 74 фоизга етказилди.
Яқинда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Давлат дастурида болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражасини 76 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун 1400 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, шу жумладан, оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ҳамда инвестиция дастури доирасида 43 та мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва 133 тасини реконструкция қилиш орқали 5570 та қўшимча янги қувватлар яратиш белгиланган.
Албатта, ўтган етти йиллик вақт ва тажрибадан келиб чиқиб қаралса, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларининг жорий этилиши туфайли ҳар йили бу йўналишда давлат дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирлар ортиғи билан бажариб келинмоқда. Хусусан, йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этиляпти.
Ушбу натижалар нафақат ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, шу билан бирга, минглаб оналарга ўз ҳудудларида ташкил этилган янги санот корхоналарида ишлаб рўзғорлари фаровонлигини ошириш, касб-ҳунар ўрганиш имконини ҳам яратиб бермоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда мактабгача таълим билан бир қаторда ривожланган давлатлардаги каби узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2016/2017 ўқув йилида юртимиздаги мактаблар сони 9719 та ва унда таълим олаётган ўқувчилар 4,8 миллион нафардан ортиқ бўлган. Бугунга келиб мактаблар сони 444 тага кўпайиб, 10163 тани, мактаблардаги ўқувчилар сони эса 6,4 миллион нафарни ташкил этмоқда.
2024 йил давомида 518 та мактабни реконструкция қилиш ва 30 та мактабни янгидан барпо этиш орқали қўшимча 175 минг ўқувчи ўрнини яратиш мақсад қилинган. Шунингдек, умумтаълим мактабларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда умумтаълим мактабларининг санитария-гигиена инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилашга оид ҳам вазифалар белгиланган.
Бугун мактабларимизда нафақат таълим ва тарбия тизими, шу билан бирга ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам замон талаблари асосида ривожлантирилмоқда. Буни халқаро тажрибани ўрганган ҳолда олис ҳудудлардан ўқувчиларнинг хавфсиз ва қулай қатновини аутсорсинг асосида ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиш мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, тажриба-синов тариқасида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 100 та умумий ўрта таълим мактабида олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчиларнинг автобуслар билан мактабга қатнови йўлга қўйилади.
Албатта, мактаб таълими тизимида ўқитувчиларнинг ҳам ўрни беқиёс. Ўқитувчи ва ўқувчиларни парвозга шайланган қушнинг икки қанотига қиёс қилиш мумкин. Шу боис, жорий йилги давлат дастурида педагоглар билим ва тажрибасини ошириш мақсадида уларни хорижий давлатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш белгиланган.
Хусусан, 100 нафар давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг педагоглари хорижий мамлакатларда малака ошириш ёки стажировкага юбориш учун ҳудудлар кесимида тенг тақсимланган ҳолда саралаб олинади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида саралаб олинган педагогларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировка учун юбориш режалаштирилган.
Умуман олганда, бу йилги давлат дастурида мамлакатимизни келгуси етти йилда ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларидан келиб чиққан ҳолда таълим йўналишида барқарор ривожланишга эришиш мақсад қилинган. Сабаби Стратегияда белгиланган 100 та мақсадли кўрсаткичларга эришишда таълим ва тарбия биз учун ҳаёт-мамот масаласи саналади.
Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА