Муносабат
Кундалик турмушимизни автомобилларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сабаби, автомобиллар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиладиган қулай транспорт саналади.
Аммо, кейинги йилларда шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида рўй бераётган ўзгаришлар барча соҳаларда бўлгани каби, ушбу соҳада ҳам кечиктириб бўлмас ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боис, автомобиллар ҳаркатланишида хавфсизликни таъминлаш, экологияга бўлган зарарини камайтириш, йўл инфратузилмаси, жамоат транспорти, электромобиллар харидини ошириш каби йўналишларда қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида бу саноат тармоқлари изчил модернизация қилиниб, логистикадаги қийинчиликларга қарамасдан, сўнгги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш 3 баробар кўпайиб, жорий йил якунида 415 минг донага етиши кутилмоқда. Соҳада давлат монополиясини йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида 3 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам автомобилсозлик соҳасида рақобат муҳитини яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш, шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш, янги автобуслар сонини 5 мингтага ва электробуслар сонини 2 мингтага етказиш мақсад қилинган.

Бугун юртимиздаги 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, бу соҳада 2 мингдан зиёд корхона яхлит кооперация тармоғига боғланди ва 50 фоиз маҳаллийлаштириш таъминланди.
Албатта, бу соҳа ривожи ҳам аниқ ҳисоб-китоблар ва режаларни талаб қилади. Сабаби, автомобилсозлик саноати ривожланган давлатлар иқтисодиётининг салмоқли қисмини ташкил этади. Шу боис, келгусида ҳам ички ҳам ташқи бозорда автозаводлар ўртасида рақобат қила оладиган электромобиллар ишлаб чиқариш муҳим саналади.
Жорий йил 14 декабрь куни давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда, эришилган натижалар таҳлил қилиниб, 2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Президентимиз мамлакатимиз саноатчилари ҳам тезроқ бу йўналишда етакчи давлатлар тажрибасини ўзлаштириб, замон талабига мослашмаса, келгусида бозорда ўрин топиши янада қийин бўлишини таъкидлаб, “Ўзавтосаноат”ни трансформация қилишни жадаллаштириш, харажатларни камайтириш лозимлигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, келгуси йилда мамлакатимизда электромобиль заводи ишга туширилиб, 10 мингта электромобиль ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, бугун мамлкатимиз автосаноатида нафақат енгил автомобиллар ишлаб чиқариш, шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги, юк ташиш ва жамоат тарнспортига мослашган турли хилдаги автомобиллар ишлаб чиқариш тармоғи ҳам жадал ривожланиб бормоқда.
Биргина қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида бу йил 3 минг 500 донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилган. 2030 йилгача бу миқдорни йилига 16 минг донага етказиш мўлжалланган. Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бу эса, бугун ўз фаолиятларини фақатгина деҳқончиликнинг пахта ва ғалла етиштириши билан чекламасдан, кўп тармоқли фермер хўжалигига айланиб бораётган деҳқонларимиз иш фаолиятида юқори самара ва унумдорликка эришиш имконини беради. Энг муҳими, ҳар бир янги ишлаб чиқариш тармоқлари ва улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади.
Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА