Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2024 йилда 10 минг 416 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган
15:41 / 2025-01-16

Бугунги кунда аҳоли орасида тўлов интизомини шакллантириш, марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан салмоқли ишлар бажарилмоқда.

Бунинг натижасида жойларда истеъмолчилар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилиб, етказилган зарар тегишли тартибда ундирилмоқда.  

Хусусан, ўтган 2024 йилда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий жамиятлари назорат органлари билан ҳамкорликда сув таъминоти ҳамда оқова сув тизимларига 10 416 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган. Бунда энг юқори кўрсаткичлар Сирдарё вилоятида 1 900 та, Фарғона вилоятида 1 836 та, Тошкент шаҳрида 1 563 тани ташкил этган.  

Мазкур қонунбузарликлар туфайли жамият манфаатларига жами 102,4 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.  

Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида акциядорлик жамияти ҳамда унинг ҳудудий жамиятлари томонидан республика бўйича 45,3 минг  жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узилган. Ушбу ҳолатларнинг 22,1 мингтаси, яъни энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган.  

Таъкидлаш жоиз, ўтган давр давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича 166,6 минг нафар истеъмолчидан жами 539,2 миллиард сўмлик маблағни ундириш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.  

[gallery-21288]

Киритилган ишлар бўйича судлар томонидан  338,5 миллиард сўм ундириш бўйича суд қарорлари қабул қилиниб, бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ижро варақалари ижросини таъминлаш юзасидан ишлар давом эттирилмоқда.   

Тизим масъулларининг таъкидлашича, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишга амалдаги қонунчиликда маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган бўлиб, қонунбузарларга белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.   

Нилуфар Бозорова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари