Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2024 йил 1 январдан мамлакатимиз қонунчилигида кучга кириши кутилаётган ҳуқуқий ҳужжатлар (+видео)
08:58 / 2023-12-22

2023 йил ҳам поёнига етиб бормоқда. Хўш, 2024 йил 1 январдан мамлакатимиз қонунчилигида қандай ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киради? Қуйида кучга кириши кутилаётган айрим ҳужжатлар хусусида эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра 2024 йил 1 январдан микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июль кунидаги  “Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра 2024 йил 1 январдан «Тўсиқсиз туризм» дастури ишга тушади. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳат қилишлари учун қулай муҳит яратиш дегани. Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минг нафардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти юқори бўлган шаҳарларига бепул саёҳатлари ташкил этилади.  

Президентимиз томонидан 2023 йил 15 декабрдаги «Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.  

Мазкур ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Президент ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши мутахассислари назорати остида тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизгача жойлаштиришга истисно тариқасида рухсат берилади.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 августдаги  “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб кўп квартирали уйлардаги кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда мулкдорнинг қарздорлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими орқали текширилади.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни протез - ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари «ваучер» тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилади. Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилади ва уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 ноябрдаги “Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ 2024 йил 1 январдан аллергик ва иммунологик касалликларга чалинганларни давлат ингаляцион ва бошқа махсус препаратлар билан таъминлайди. Аллергик касалликка чалинганларнинг электрон реестри 1 апрелгача шакллантирилади.  

Президентимизнинг 2023 йил 28 сентябрдаги  "Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб барча туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларида алоҳида “Ижтимоий хизмат дарчалари” ташкил этилади.    

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OMd5U5iJHQs" title="2024-yil 1-yanvardan mamlakatimiz qonunchiligida kuchga kirishi kutilayotgan huquqiy hujjatlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Марҳабо МАДАМИНОВА, 

Аслиддин Алижонов (+видео), ЎзА