Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб товар-хомашё биржаларига лицензия берилади
11:10 / 2024-09-13

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Биржда савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда саҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидаги талаблар бажарилган тақдирда, товар-хомашё биржалари фаолиятини лицензиялашга йўл қўйилади:

мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган электрон биржа савдолари тизимининг мавжудлиги;

умумий ҳисобда хотираси камида 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ҳамда алоҳида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга бўлиш;

электрон биржа савдолари тизимининг узлуксиз ҳамда ташқи аралашувлардан ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатиши;

республиканинг ҳар бир ҳудудида юқори тезликдаги ҳимояланган интернет тармоғи орқали биржа савдоларида иштирок этиш имкониятининг яратилгани;

тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банки ахборот тизими билан интеграциялашган савдо операциялари бўйича маблағлар кирим ва чиқим амалиётларини инсон омилисиз амалга оширувчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги.

Биржа савдоларида иштирок этадиган тадбиркорлик субектларининг маблағларини молиявий хавф-хатарлардан кафолатли ҳимоялаш учун товар- хомашё биржалари устав капиталининг энг кам миқдори 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб 100 миллиард сўм ҳамда 2025 йил 1 июлдан бошлаб 200 миллиард сўм этиб белгиланди. Бунда:

товар-хомашё биржаларининг устав капитали фақат маблағлар кўринишида шакллантирилади;

2024 йил якуни ва келгусида ҳар йил якуни бўйича товар-хомашё биржалари молиявий фаолияти юзасидан катта тўртлик (“Big four”) аудиторлик ташкилотларидан бири томонидан мустақил аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади;

амалда фаолият кўрсатаётган товар-хомашё биржалари ўз устав капиталини тегишли равишда шакллантирмаган тақдирда, уларнинг лицензияси ваколатли орган ёки суд қарорига асосан тўхтатиб турилиши мумкин.

Қуйидагилар Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

биржа савдолари шаффофлиги ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ташқи аралашувларга йўл қўймаслик;

биржа ахборот технологиялари инфратузилмасини янада такомиллаштириш, электрон савдо платформаларини доимий равишда модернизация қилиб бориш;

биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, жойларда савдо иштирокчилари орасида биржа механизмларини кенг тарғиб қилиш;

товар деривативлари ҳамда қарама-қарши аукцион савдоларини амалиётга жорий этиш чораларини кўриш.

2024 йил  1 ноябрдан бошлаб:

экспорт-импорт операциялари доирасида Республика биржаси орқали тузилаётган “форвард” битимлар бўйича маҳсулот нархларини етказиб бериш муддатидан келиб чиқиб, халқаро ахборот агентликларининг индекс ва республика товар-хомашё биржалари котировкалари асосида шаклланади;

юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари томонидан маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишда маҳсулот нархи мазкур товар бўйича амалдаги Республика биржаси ўртача нархидан (котировка) паст бўлмаслиги таъминланади.

Қарор билан биржа фаолиятини кенгайтириш, соҳага янги молиявий воситаларни жорий қилиш, шунингдек, савдо иштирокчиларига янада қулайликлар яратиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига:

форвард биржа битимлари бўйича киритиладиган аванс миқдорини камайтириш;

автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бўйича аукцион ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

товар-хомашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган қўшимча талабларни белгилаш;

товар-хомашё биржаси фаолиятини лицензиялаш паспортини янги таҳрирда тасдиқлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

ЎзА