Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий ва профессионал таълим ташкилотларининг талаба ва ўқувчиларига таълим кредитлари ажратиш тартиби жорий қилинади.
Таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратилади.
Таълим кредити:
олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун тўлов-контракт суммаси миқдорида;
олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи "3" дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади ("Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар фарзандлари бундан мустасно).
Таълим кредити:
олий таълим ташкилотлари талабалари учун -талабалар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг "Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш" (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва "Олий таълим жараёнларини бошқариш" (HEMIS) ахборот тизимида мавжуд бўлганда;
профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун - ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг "Профессионал таълим жараёнларини бошқариш" (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлганда ажратилади.
Ўз дастурий таъминотига эга бўлган олий ва профессионал таълим ташкилотлари таълим кредитини олиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли ахборот тизимларига ўз ахборот тизимини интеграция қилиши ёки улардан фойдаланиши мажбурий ҳисобланади.
2024 йил 1 июлга қадар ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча олий ва профессионал таълим ташкилотларининг тўлов-контракт шартномаси "kontrakt.edu.uz" ва "prof.edu.uz" ахборот тизимлари орқали шакллантирилади.
2024/2025 ўқув йили бошлангунга қадар таълим кредитини олиш учун аризалар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "Таълим кредити" ахборот тизими (ta'lim-krediti.mf.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади.
ЎзА