Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йилнинг 11 ойида 2016 йилга нисбатан қарийб 30-40 фоиз кўп қурилиш амалга оширилган
14:54 / 2024-01-10

Бугун “OʼzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сони бўлиб ўтди. Унда қурилишда монтаж ишларини баҳолаш, текшириш ва қабул қилиш тизимига хусусий секторни кенг жалб қилиш мавзуси атрофлича муҳокама қилинди.

Пресс-клубда қайд этилганидек, юртимизда 2023 йилнинг 11 ойи давомидаги кўрсаткичларга кўра, 132 триллион сўмдан ортиқ қурилиш ишлари амалга оширилган. Бу 2016 йил якунларига кўра, қарийб 30-40 фоиз ўсганини кўрсатади.  

Қурилиш соҳасидаги ишлар 2024 йилда ҳам амалга оширилади. Хусусан, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари асосида янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган объектлар 14 триллион 600 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига давлат бюджетидан 10 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Демак, қурилиш соҳасидаги ишлар янада жадал давом эттирилади. Бу эса қурилиш ишлари сифатли амалга оширилиши учун жамоатчилик назоратини кучайтиришга эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.  

Муҳокамаларда Шаҳарсозлик кодексида белгиланган талаблар қай даражада таъминланаётгани, назорат турларини олиб боришда сифатни оширишга эътибор қаратилаётгани, шунингдек, қурилиш ишлари ва назоратида хусусий секторнинг ўрни каби қурилиш соҳасига оид қатор масалалар ўртага ташланди.  

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, соҳага тегишли олий таълим муассасалари вакиллари, қурилиш ташкилотлари мутасаддилари иштирокида ўтган муҳокамаларда соҳага оид ҳар бир жараён ҳақида тўхталиб ўтилди.  

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакили Дилмурод Атаев вазирлик ва унинг қуйи ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:  

– Вазирлик ҳузуридаги қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан қурилиш объектларида назорат ишлари олиб борилади. Бугунги кунда инспекцияда 330 дан ортиқ инспектор фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бири планшетлар билан таъминланган. Улар қурилиш объектига бориб, ҳолатни расмга олади, баённома тузади. Ёзма кўрсатмалар бажарилмаса ёки қурилиш ноқонуний деб топилса, тегишли тартибда чоралар кўрилади. Бугунги кунда 32 мингдан ортиқ объектлар рўйхатдан ўтказилган. 2024 йилда яна 1630 дан ортиқ янги қурилишлар бўлиши белгиланди.  

Шунингдек, пресс-клуб муҳокамаларида қурилиш объектларининг хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, янги бино ва иншоотларни муқобил энергия манбалари билан таъминлаш борасидаги кўплаб масалаларга эътибор қаратилди. Соҳада жамоатчилик назоратини олиб бориш, қурилишлар сифатини таъминлаш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА