Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йилда республика экспорти 16,2 миллиард долларни ташкил этган
16:51 / 2024-01-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурини бажариш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Ходжаевнинг Қонунчилик палатасининг парламент сўровига жавобини муҳокама қилдилар.

Парламент сўровига келган жавоб ҳақида депутат Ботир Мардаев маъруза қилди.  

Қайд этилганидек, мамлакатимизда экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида 2023 йил якуни билан республика экспорти (махсус экспортсиз) 16,2 миллиард долларни, ўсиш 104 фоизни ташкил этди. Экспорт ҳажмининг ўсиши электротехника, автомобиль саноати, нефть-газ, фармацевтика, транспорт, туризм ва ахборот технология каби товар ва хизматлар экспорти ҳисобига эришилган.  

Тайёр маҳсулотларнинг жами экспорт таркибидаги улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоиздан 38 фоизга, ярим тайёр маҳсулотлар экспорти эса 1,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 фоизга етган. Хомашё экспорти қарийб 3 миллиард долларни ташкил этиб, унинг экспорт таркибидаги улуши 27 фоиздан 20 фоизга пасайган.  

“Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури доирасида қамраб олинадиган корхоналар рўйхати белгиланган мезонларга мувофиқ, тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажми ва сони, ишлаб чиқарилган маҳсулотда экспортнинг улуши, экспорт географиясига, шартномалари доирасида тўлов интизоми ҳолатига асосан Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида (www.exportportali.uz) онлайн тарзда шакллантирилади ва ҳар олти ойда янгилаб борилади.  

Шунга кўра, жорий йилда жами 173 та экспортчи корхона очиқ танловга мувофиқ онлайн тартибда автоматик тарзда рейтинг асосида сараланиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 17 та корхонага айланма маблағларини тўлдириш учун 19,2 миллион долларлик кредитлар қулай шартларда ажратиб берилган. Шу билан бирга, 94 та корхонага 491,4 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғи тезлаштирилган тартибда қайтарилган, 10 та корхонага 20 турдаги халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этиш учун 1,6 млрд сўмлик молиявий ёрдамлар кўрсатилган. Эътиборлиси, ҳозирги кунда мазкур дастурни кенгайтириш, унда қамраб олинадиган корхоналар сонини 500 тага етказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.  

Бундан ташқари, 112 та маҳаллий экспортчи корхонага “Alibaba”, “Global Pulses”, “EuroPages”, “Tendata”, “Pulscen” халқаро электрон савдо майдончасида рўйхатдан ўтиш бўйича 4,2 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда уларнинг ушбу савдо майдончасига жойлаштирган маҳсулот турлари сони 8 минг 500 тадан ошди.  

Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, 2023 йилда “GSP+” доирасида 1 минг 351 та корхонага консультатив хизматлар кўрсатилган. “GSP+” бош преференциялар тизими доирасида Европа Иттифоқига 6200 турдаги товарларни етказиб бериш бўйича имтиёзлардан фойдаланиш Ўзбекистон учун 2027 йил якунига қадар узайтирилди.  

Шу билан бирга, республиканинг ҳар бир ҳудудидан 100 та маҳаллий корхонанинг ташқи бозорларга чиқиши учун “тадбиркордан-экспортёргарча” тамойили асосида чора-тадбирлар дастури доирасида 1 минг 426 та корхона рўйхати шакллантирилган.

Мажлисда парламент сўровига келган жавоб маълумот учун қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА