Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йилда ногиронлик пенсияси ўртача 304 минг сўмга ошиши кўзда тутилмоқда
09:05 / 2022-09-20

Мамлакатимизда аҳолини, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратиб келинади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса), I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.  

2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлангандан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда ҳамда келгусида ҳар 2 йилда ногиронлик пенсия миқдорларини қайта ҳисоблаш амалиёти жорий этилади. 

Мазкур тартиблар “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.  

Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. 

— Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувлар, коррупциянинг олдини олиш ва ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадларини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, шунингдек, пенсия миқдорини кўпайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — деди депутат Олтиной Мамирова. — Ҳужжатнинг 37-моддаси I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши ҳақидаги меъёр билан тўлдирилмоқда. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан 2023 йилда 75 минг I ва II гуруҳ ногиронлик пенсиясини олувчи фуқароларнинг пенсия миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва ногиронлик пенсияси ўртача 304 минг сўмга ошиши кўзда тутилмоқда.  

Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари қонун лойиҳаси Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигини ва партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим ҳужжат бўлишини эътироф этган ҳолда, лойиҳани маъқулладилар. 

Йиғилиш кун тартибидаги яна бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА