Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 2023 йилда Боку билан Ереван муносабатларининг яхшиланишида бурилиш бўлишидан умид билдирди. “Умид қиламанки, 2023 йилда Озарбайжон билан Арманистон муносабатларининг яхшиланишида бурилиш бўлади. Нима бўлганда ҳам, биз бунга ишонамиз”, – деди давлат раҳбари душанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан бўлиб ўтган учрашувда.
Алиев тинчлик жараёнида иштирок этаётгани учун Россия ҳукуматига ва шахсан РФ ташқи ишлар вазирига миннатдорчилик билдирган. "Ўйлашимча, Россия бизнинг дўстимиз, иттифоқчимиз ва қўшнимиз сифатида тинчлик ўрнатилиши йўлидаги саъй-ҳаракатларда муҳим ўрин тутади”, – дея таъкидлаган у. Озарбайжон Президентининг таъкидлашича, ўтган йили Баку билан Ереван ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига қаратилган муҳим саъй-ҳаракатлар амалга оширилди.
Келгусида имзоланиши кутилаётган тинчлик шартномасининг концептуаль табиатини аниқлаб берувчи ҳужжатлар қабул қилинди. Ўтган йили октябрда Прага ва Сочида қабул қилинган икки мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олишга қаратилган ҳужжатдан тинчлик шартномасини имзолашда асос сифатида фойдаланиш мумкин, – дея қўшимча қилган Алиев.