Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йилда аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясига қаратилган қонунлар қабул қилинди
14:53 / 2024-01-05

Якунланган йил сарҳисобини қилиш янги йилги режаларни тузиб олиш, йўл қўйилган камчиликларни такрорламаслик ҳамда фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Айни кунларда давлатимизнинг қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам ўтган йил сарҳисоби ва бу йилги режалар муҳокама қилинмоқда. Бу борада брифинглар ташкил этилиб, очиқликни таъминлаган ҳолда ОАВ вакилларига маълумот берилмоқда.

Қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган брифингда қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов 2023 йилдаги фаолияти ҳақида ахборот берар экан, 6 та йўналишда иш олиб борилганини таъкидлади. 

Хусусан, қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 38 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Ушбу қонунлар билан фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида судга шикоят қилишнинг уч ойлик муддати олти ойгача узайтирилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб-варақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз олиб қўйганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди. 

Аҳолига ҳуқуқий ҳимоя кўламини янада кенгайтириш мақсадида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун талаб этиладиган икки йиллик иш стажи бекор қилинди. Қолаверса, аҳоли томонидан маъмурий жарималарнинг 50 фоизи ўз вақтида тўланган тақдирда қолган ярмидан озод қилиш белгиланди. 

Шунингдек, қўмита томонидан 2 та яхлит қонун лойиҳаси устида иш олиб борилди. 2023 йилда қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган 6 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди. 

Ҳисобот йилида қўмита ташаббуси билан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларига 2 та парламент сўрови юборилди. Шунингдек, қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 8 та депутат сўрови юборилди. 

Қайд этилганидек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, уларни ҳал этишга алоҳида эътибор берилди. Қўмита номига келиб тушган жами 2 минг 348 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳолда, уларнинг салмоқли қисмини бартараф этишга эришилди. 

Шунингдек, ҳисобот даврида қўмита томонидан аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, сайловчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабуллари ўтказилган. Жумладан, қўмита аъзоларининг турли масалалар юзасидан қабуллари ташкил этилиб, уларда фуқаролар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти депутатлар саъй-ҳаракати билан ўз ечимини топган. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА