Давлатимиз раҳбари 2022 йил 28 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Ушбу ҳужжатга асосан республика иқтисодиёти тармоқларини жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига замонавий технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратилади.
Шу билан бирга юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш белгиланди. Бундан ташқари, жойларда юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан 2023-2025 йилларда 48,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилади. Шунингдек, 10,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган.
Энг муҳими, ушбу даврда “Scorton textile” МЧЖ, “Yangibozor textile agro kluster” МЧЖ, “PURE NATURE OILS” МЧЖ, “НТ IВRАТ ТЕХТILЕ” МЧЖ ва “Qarshi Idealnoe Oil Trade” МЧЖ каби ўсимлик мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги ишлаб чиқариш объектлари барпо этилади.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманида “Chromus Production” МЧЖ томонидан маргарин маҳсулотлари ҳамда Қуйи Чирчиқ туманида “Қуёнчилик ва наслчилик агро комплекс” МЧЖ томонидан ўсимлик мойи, ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхона ва қуёнчиликни ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.
“Ўзёғмойсаноат” уюшмасининг маълум қилишича, жорий йилда уюшма тизимидаги ёғ-мой корхоналари томонидан 14,5 миллион АҚШ доллари, шу жумладан, 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинади.
Ш.Маматуропова, ЎзА