Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йилда 10 минг 204 ёнғин ҳодисаси юз бeрган (+видео)
21:00 / 2024-01-31

Унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган.

Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.  

Бироқ ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамай ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда. 

Жумладан, 2023 йилда 10 минг 204 ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 270,4 миллиард сўмлик зарар етказилган. Тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда 797 та ёнғин содир бўлган. 

Бу рақамлар Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди. 

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов айрим фуқароларимиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги, аксарият ҳолларда ушбу қоидаларга эътиборсизлик билан қараши бунга йўл очаётгани таъкидланди. Шунингдек, амалдаги қонунчиликда қонунбузилиш ҳолатлари учун маъмурий жазо чораларининг енгил белгиланганлиги – йирик ёнғинлар содир бўлишига сабаб бўлмоқда. 

Ҳудудларда рўй берган йирик ёнғинлар сабабларини ўрганиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси томонидан давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари етарли эмаслиги сабабли, улар томонидан ёнғинларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмасдан қолаётганлиги қайд этилган. 

Шу боис, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилиб, парламентга киритилди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9cQyWjBGvsc" title="2023-yilda 10 ming 204 yongʻin hodisasi yuz bergan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Мажлисда мазкур қонун ҳамда “Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчиликка риоя қилиниши ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги қўмитанинг қарори ижроси юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот эшитилди.  

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зупаров ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар амалга оширилаётганини, лекин шунга қарамай содир бўлаётган ҳолатлар соҳа ходимларини ташвишга солаётганини таъкидлади. Мисол учун, Фарғона вилоятида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб, қурбон бўлгани ачинарли ҳол бўлганини қайд этди. Ваҳоланки, айнан шу хонадонга бир ой олдин хизмат ходимлари бориб, тушунтириш ишларини олиб борган.  

Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда.  

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи ўзгаришлар амалиётга жорий этилиши белгиланмоқда.  

Қонун юзасидан жамоатчилик вакиллари, соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, прокуратура органлари ходимлари муҳокамаларда фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. 

Мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 

Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари