Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётига дахлдор бир қатор масалаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, кун тартибидан ўрин олган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалар марказида бўлди.
Мажлисда таъкидланганидек, мамлакат тараққиётининг янги даврида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, солиқ қонунчилиги талабларини янада соддалаштириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг янги воситаларини самарали жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтиришни тақозо этмоқда.
Бу жараёнда тадбиркорлик субъектларининг фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларига тўғридан-тўғри таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тартибининг бекор қилиниши ҳамда солиқ тўловчи томонидан талаб этиладиган ҳужжатлар сонининг қисқартирилиши ҳисобига нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш тартибининг соддалаштирилиши муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдириб, уни маъқулладилар.
Шунингдек, мажлисда кўриб чиқилган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур қонун лойиҳасида 2023 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ставкаси пасайтирилиши, айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ставкаларини унификация қилиниши, мутлақ суммаларда белгиланган солиқ ставкаларининг кутилаётган инфляция даражасидан келиб чиқиб, индексация қилиниши назарда тутилмоқда.

Хусусан, 2023 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдириляпти.
Шунингдек, тамаки, алкоголь ва нефть маҳсулотлари бўйича акциз солиғи, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ, ер ва мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари инфляция даражасидан келиб чиқиб қарийб 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Қонун лойиҳасида Президентимиз томонидан тадбиркорлар билан бўлиб ўтган “Очиқ мулоқот” доирасида берилган топшириқларга асосан бизнес учун қўшимча енгилликлар берилмоқда. Яъни, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача, жами даромади илк марта 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари учун 1 йил, жами даромади илк марта 10 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари учун эса 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилмоқда.
Бундан ташқари, барча тоифадаги солиқ тўловчилар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкалари унификация қилиниб, ягона 4 фоизлик солиқ ставкаси белгиланяпти. Бунда пасайтирилган солиқ ставкалари сақлаб қолинади. Қолаверса, айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган суммадаги ставкаси жорий этилмоқда. Яъни, тадбиркор солиқ органларига мажбурий тартибда молиявий ҳисоботларни тақдим этмайди ва дивиденд тарзидаги даромадларидан солиқ тўламайди.
Қонун лойиҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини қоплашга йўналтирганда, солиққа тортилмайдиган даромадлар миқдори амалдаги 15 миллион сўмдан 73,6 миллион сўмгача оширилади. Бунда уй-жойнинг қийматига қўйилган талаб бекор қилинмоқда.
Қонун лойиҳаси билан ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида уларга солиқ мажбуриятларини 6 ойга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам берилмоқда. Шунингдек, солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундиришга қаратишнинг белгиланган муддати 60 кунгача узайтирилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА