English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йил "Оқчалоқ" ва "Қўнғирот" компрессор станциялари орасида диаметри 1220 мм бўлган янги магистраль газ қувури тармоғи қурилиши якунланади – «Ўзтрансгаз» АЖ
16:12 / 2023-02-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифинг «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг 2022 йил сарҳисоби ва жорий йилги режаларига бағишланди.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Толиб Раҳматов ишлаб чиқариш жараёнлари учун импорт қилинувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш доирасида 623,7 миллион сўмлик 31,5 тонна электрод ишлаб чиқарилиб, режа 105,9 фоизга бажарилганини қайд этди.  

– Тизим ишини янада яхшилаш мақсадида нафақат ички, балки ташқи имкониятлардан ҳам фойдаланилмоқда, – деди Т.Раҳматов. – Хусусан, Инвестиция дастури доирасида хорижий компаниялар иштирокида жалб қилинган сармоялар ҳажми 268,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва режа 161 фоизга уддаланди.  

Шунингдек, мамлакатимизнинг магистраль газ транспорт тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастури доирасида 2022 йили 490,8 километр пўлат қувур келтирилган бўлса, шундан 387,6 километри пайвандланди. 156,5 километр қувур реконструкция қилиниб, 222 километр янги магистраль тармоқ тортилди. 9,3 километр юқори босимли қувур тармоғи капитал таъмирланди.  

Бугунги кунда барча давлат идоралари ва ташкилотлар қаторида бизнинг тизимда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жамиятнинг 17 та объектига умумий қуввати 408 киловатт соат бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, 650 та ҳаракатга сезгир датчик ва 2 минг 235 та қуёш панелли кўча ёритгичи ўрнатилгани бунинг исботидир.  

Бундан ташқари, умумий ҳажми 30 минг 500 литр бўлган 157 дона қуёш сув иситиш қурилмаси иссиқ сув таъминотини янада яхшилади. Бу ишлар натижасида 2022 йилда 865 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинди.  

2023 йилда ташкилот томонидан қуввати 2,6 МВт қуёш электр станцияси, 753 та ҳаракатга сезгир датчик, 1 128 та қуёш панелли кўча ёритгич, 35 та қуёш сув иситиш қозони ўрнатилади. Бу ишлар  4,732 миллион киловатт соат электр энергияси тежалишига замин яратади.  

Таъкидланишича, магистраль газ қувурларида аниқланган 47 километрдаги нуқсонли қисмларни таъмирлаш, 903 километр магистраль газ қувурлар ички юзаси диагностикасини ўтказиш, 2 200 километр магистраль газ қувурлари қувур ички юзасида тозалаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.  

Шунингдек, «Оқчалоқ» компрессор станцияси ва «Қўнғирот» компрессор станцияси оралиғида диаметри 1220 мм. бўлган янги магистраль газ қувури қурилишининг тугалланиши ва тизимга уланиши ҳам жорий йилдаги муҳим режалардандир.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА