Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йил давомида қурилиш объектларининг 395 тасида буздириш ишлари олиб борилган
15:45 / 2024-01-22

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 60-бандида урбанизация даражасини 60 фоизга етказиш, «миллионлик шаҳарлар»ни барпо этиш, катта шаҳар ва туманлар сонини 28 тага етказиш, 2030 йилга қадар 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш, "Янги Ўзбекистон" массивлари сонини 100 тага етказиш, аҳоли зич бўлган ҳудудларда «бўйига ўстириш» тамойили асосида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, ривожланган давлатларнинг бино-иншоотлар бўйича қурилиш хавфсизлиги меъёрлари асосида янги стандартларни жорий қилиш, қурилишда монтаж ишларини баҳолаш, текшириш ва қабул қилиш тизимига хусусий секторни кенг жалб қилиш ва бошқа кўплаб устувор вазифалар қамраб олинган.  

Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, юртимизда қурилиш ишлари ҳажми 2016 йилга нисбатан деярли 4,5 баробарга ошди, яъни 2023 йилнинг 11 ойида 132 триллион сўмдан ошди (2016 йилда 230 трлн.сўм бўлган).  

2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун 14,6 триллион сўм маблағ ажратилган. “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига кўра, республика бюджетидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 10 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.  

2023 йил давомида рўйхатдан ўтган қурилиш объектларида 56 минг маротаба назорат ишлари амалга оширилган. Ҳудудий қурилиш назорати инспекциялари томонидан назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар юзасидан 52 мингта ёзма кўрсатмалар берилиб, 36 мингтаси бартараф этилган.  

Қурилишда аниқланган қонунбузилишлар натижасида 5 мингдан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. 1 минг 257 та объектда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилиб, шундан 395 тасида буздириш ишлари олиб борилган.  

Мазкур рақам ва маълумотлар “OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг қурилиш соҳаси муҳокамаларига бағишланган сессиясида айтиб ўтилган эди.  

Таъкидлаш жоизки, республикамиз бўйича қурилиш объектлари сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда қурилишларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб ва устувор вазифалардан биридир.  

Таҳлилларга кўра, қурилиш ишлари ҳажмининг ошиб бориши натижасида қонунбузилишларнинг олдини олиш, сифатли объектларни барпо этиш, қурилган биноларнинг инсонлар учун хавфсиз бўлишини таъминлаш масалалари тобора долзарблашиб боради. Бу борада эса жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, қурилишларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА