Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йирик махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шу йил 12 ноябрь куни regulation.gov.uz порталига муҳокамага қўйилган эди.
Унга кўра, ўрта ва йирик лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва зарур инфратузилма яратиш мақсадида 2023 йил 1 мартгача бизнес учун барча шароит ва инфратузилмага эга ҳар бир вилоятда 100 тадан корхоналар учун йирик махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) ташкил этилади.
Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш, логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, саноат соҳасидаги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш кабилар йирик МИЗларнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, қарор лойиҳаси шу йил 27 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Унга қадар лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазаларни қолдириш мумкин.
ЎзА