Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023 йил 1 мартдан бошлаб Сингапур билан ҳамкорликда “тиббиёт инжиниринги” ва “ахборот технологиялари” йўналишлари бўйича янги курслар йўлга қўйилади
14:46 / 2023-01-13

Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Сингапур мамлакатига ташрифи доирасида ушбу давлатнинг ишбилармон доиралари ва етакчи олий ўқув юртлари раҳбарлари билан учрашувлар давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Franklin Templeton компанияси раҳбари Манраж Секхон билан музокаралар ўтказди.

Кун тартибида Ўзбекистон иқтисодиётига йирик инвесторларни жалб этиш имконини берувчи ўрта ва узоқ муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.  

Virtus Health Singapore компанияси бош директори Тимати Кван билан давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида аёллар репродуктив саломатлиги марказларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.  

Шу куни Nanyang политехника университети бош директори Генри Хан билан учрашувлар ҳам бўлиб ўтди.  Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасининг кадрлар тайёрлаш масаласида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларни муҳокама қилди. 2022 йил декабрь ойи охирида университетда соғлиқни сақлашни бошқариш йўналиши бўйича малака ошириш курсларини 23 нафар ўзбекистонлик мутахассис тамомлади. 2023 йил 1 мартдан бошлаб “тиббиёт инжиниринги” ва “ахборот технологиялари” каби йўналишлар бўйича янги курслар туркумини йўлга қўйиш режалаштирилган.  

Ли Куан Ю номидаги давлат сиёсати мактаби директори ўринбосари Наней Юлиати билан учрашувда Ўзбекистон давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.  

Шу ўринда айтиш керак, конструктив руҳда ўтган мазкур музокаралар аниқ инвестиция ҳолатларини тақдим этиш, қўшма режаларни батафсил кўриб чиқиш имконини берди. Шу билан бирга, томонларнинг кенг кўламдаги ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган интилишларини намоён этди.  

 

ЎзА