Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2023–2024 йилларда 187 минг 614 гектар майдонда янги узумзорлар барпо қилинади
11:43 / 2023-08-04

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 августдаги “2023–2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 51 та туман ва шаҳарда “Олтиариқ тажрибаси” асосида ҳар бири 2–2,5 минг гектар ер майдонларида узум плантациялари ташкил қилинади.

Шунингдек, 2023 йил 1 августдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштиришга ажратиладиган маблағлари ҳисобидан янги узумзорларни барпо қилиш, кўчат тайёрлаш ва “in-vitro” лабораторияларини ишга тушириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.  

Бунда жамғарма маблағлари “Қишлоқ қурилиш банк” АТБга Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс сифатида жойлаштирилади ҳамда лойиҳа ташаббускорларига 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 2 фоиздан кўп бўлмаган маржа билан тижорат кредити ажратилади. Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги тадбиркорларга узум плантацияларида агротехник тадбирларни ўтказиш, янги токзорларни барпо этиш ва бошқа хизматларни кўрсатади.  

Янги узумзорларни 1 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонларда барпо қилиш бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилади, йирик узумчилик плантацияси шаклидаги лойиҳалар “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ кредитлари ҳисобидан амалга оширилади. Техник навли узум плантацияларини яратиш ҳамда узум, мевалар ва резаворлардан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига компенсация ва кафилликлар берилади.  

Хориждан келтирилган совуққа чидамли, уруғсиз, ҳосилдорлиги юқори 34 хилдаги узум навларини “in-vitro” лабораторияларида республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитига мослаштириш бўйича синов-тажрибалар ташкил қилинади.  

Қарорга асосан, “Made in Uzbekistan” бренди остида хорижий давлатларда миллий вино савдо уйларини очиш ҳамда вино маҳсулотлари экспортини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўрилади.  

2024 йил 1 февралгача узумчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатлар илмий муассасалари ҳамда илғор тажрибага эга халқаро ташкилотлардан 100 нафарга яқин соҳа мутахассислари жалб қилинади.  

 

ЎзА